Аҳолини огоҳлантирмасдан амалга оширилган дезинфекция ҳолатларига муносабат

 

Конституциямизнинг 26-моддасида ҳеч ким инсон қадр-қимматини камситувчи тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ФВВ нинг ўт ўчириш машиналари кўчаларда ва бозор ҳудудида одамлар ва автомобиллар устига юқори босимда хлорли суюқлик сепиб ўтаётгани акс этган видеолар тарқалди. Видеолар интернет фойдаланувчиларининг норозиликларига сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан ФВВ матбуот хизматининг изоҳ беришича, юқорида қайд этилган ҳудудларда коронавирус инфекциясининг ўчоғи аниқланган ҳамда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, дезинфекция ишлари шошилинч, тартибсиз ҳолда амалга оширилган. Бу борада ходимларга интизомий таъсир чоралари кўрилиши маълум қилинган.

Коронавирусга қарши курашиш ҳозирги куннинг асосий талаби. Лекин буни пала-партиш шаклда, аҳолини беҳурмат қилган ҳолда, амалга оширмаслик керак.

Мутахассислар дезинфекция ёки исириқ коронавирусга қарши самара бермаслигини аллақачон таъкидлаб бўлишган. 2020 йил сентябрида Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосланиб дезинфекция туннелларини тақиқлаганди.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси давомий ишлатилган ҳар бир кимёвий модда инсон организмида аллергик ҳолатларни келтириб чиқаришини қайд этган эди.

ФВВ ҳудудий бўлинмаларининг кўчалар, бозор жойларни вирусга қарши дезинфекция қилишини, айниқса, буни тартибсиз, одамларни устидан кулгандек, уларни менсимасдан бажаришгани ҳолати бўйича қатъий баҳо берилиши зарур.

Бундан кўриниб турибдики, ташкилотларда, айниқса, вилоятларнинг чекка ҳудудларидаги муассасаларда тажриба, билим ва уқув етишмайди. Ходимларга ишдаги вазифа ўйин-кулгу учун эмас, балки халқ соғлиғи, жамият тинчлиги ҳамда мамлакатимиз барқарорлигини юксалтиришга қаратилганлиги аниқ мазмунда етказилмаган.

Ўйлаймизки, бу ҳолатдан катта-киччик баҳоналар билан қутулишга ҳаракат қилинмасдан, жиддий аҳамият берилиб, тегишли муассаса ходимларига ўқув ва тушунтириш ишлари чуқур олиб борилиши, аввало, уларда аҳолига ҳурмат кўникмасини шакллантириш лозим.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

 
← Рўйхатга қайтиш