Қонун қоғозда қолиб кетса, деҳқоннинг бири икки бўлмайди

 

«Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонунларда қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини, ишлаб чиқараётган маҳсулотларига нархларни мустақил равишда белгилаш назарда тутилган.

Қонунчиликдаги бу каби меъёрлар фермер-деҳқонларимизнинг, томорқа ер эгаларининг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга хизмат қилиш баробарида, уларнинг эркин фаолият юритишини ҳам кафолатлаши керак.

Афсуски, бу борадаги қонун талаблари қоғозда қолиб кетяпти ва бунинг оқибатида деҳқон меҳнати билан етиштирилган маҳсулотларни давлат арзон, ўзи белгилаган нархларда сотиб олишда давом этаяпти. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бу тарзда рамзий нарх белгиланиши деҳқончилик билан шуғулланаётган юртдошларимизни рағбатдан, ҳосилдорликни оширишга бўлган интилишдан сунъий тарзда бездирмоқда, деб ўйлайман.

Биз истасак ҳам, истамасак ҳам, бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: соҳага бозор иқтисодиёти тамойилларини хўжакўрсинга жорий этар эканмиз, қишлоқ хўжалигида ўтказилаётган ислоҳотлардан кутилган натижаларга эриша олмаймиз.

Кейинги 2-3 йилдан буён ғалла ва пахта етиштириш ҳажми сезиларли равишда камайганининг сабаби ҳам аслида ушбу омил билан боғлиқ. Озиқ-овқат хафсизлигини таъминлашга қаратилган Президент фармон ва қарорлари ижроси тўлиқ ижро этилмаётгани ҳам ислоҳотлар оқсашига олиб келмоқда.

Шундай экан, қонун белгиланган меъёрлар қоғозда қолмаслиги керак. Акс ҳолда, деҳқоннинг бири икки бўлиши жуда қийин.

 

Ж. Раҳмонқулов,

Боёвут туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш