Халқ демократик партияси фракцияси “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурининг 2021 йил I чораги якунлари тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботини атрофлича кўриб чиқди.
Фракция пандемия шароитида ҳукумат томонидан мамлакатимиз барқарорлигини таъминлаш учун барча зарурий чоралар кўрилаётганини эътироф этади. Шунинг билан бирга, ҳукумат ҳисоботининг айрим жиҳатларига ўзининг қуйидаги танқидий муносабатини билдиради.
Биринчидан, даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатламларини ишсизликдан ҳимоялаш, давлат ресурслари ва имкониятларидан реал иш ўринлари яратиш йўлида самарали фойдаланиш ҳукумат олдидаги асосий вазифага айланиши зарур.
Ҳисобот аҳоли бандлиги бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги етарли даражада эмаслигини кўрсатмоқда. Республикамизда ишсизлик ҳамон юқорилигача сақланиб қолаётгани ҳақиқий вазиятни намоён этиб, ушбу муаммо хусусида аниқ, самарали чора-тадбирлар кўришни тақозо қилмоқда.
Янги иш ўринлари яратиш мамлакат иқтисодиёти ўсаётганининг асосий шартларидан биридир. Ҳукумат бу масалага ижтимоий барқарорликнинг муҳим шарти сифатида ёндашиши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Иккинчидан, соғлиқни сақлаш тизимида бепул тиббий хизматлар пакетини жорий этиш Халқ демократик партияси электорати манфаатлари нуқтаи назаридан жуда муҳим масала эди. Айниқса, пандемия шароитида бунинг аҳамияти янада ошади.
Давлат дастурининг 184-бандида бепул ёрдам кўрсатиш пакети февраль ойида тасдиқланиши белгиланган бўлса-да, ҳисоботда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил март ойидаги 47-сонли буйруғи билан бажарилди, деган маълумот чекланилган.
Мамлакатимизда бепул тиббий хизмат пакетини жорий этиш битта буйруқ билан ҳал қилинадиган масала эмас. Бу бўйича аниқ механизмни назарда тутадиган норматив ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш зарур. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси ва фракциямиз бу бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр.
Учинчидан, Давлат дастурининг 145-бандида белгиланган аҳолининг минимал истеъмол ҳаражатларини эълон қилиш вазифаси ҳар хил важларни кўрсатиб ижро этилмаган.
Халқ демократик партияси электорати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу масала ижроси мунтазам равишда орқага сурилиб келмоқда.
Президент томонидан биринчи марта яшаш минимумини ўтган йил 1 октябрга қадар белгилаш вазифа қилиб қўйилган эди.
Ушбу масала Президент Мурожаатномасида ҳам таъкидлаб ўтилган. Аммо ҳисоботда келтирилишича, бу сафар ҳам топшириқ муддатида бажарилмаган.
Тўртинчидан, Давлат дастурининг 7-бандида вазирлик ва идораларнинг масъуллари фаолиятига баҳо бериш бўйича алоҳида тизим яратилиши белгиланган.
Баҳолаш жараёнларида халқ ваклиллари, яъни депутатлар иштирокини ҳам таъминлаш механизми қўлланилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шунингдек, Давлат дастурининг биринчи чорак ижросида 194 та депутатлик сўровлари 100 фоиз бажарилган, деб кўрсатилган.
Ваҳоланки, депутатлик сўровларининг аксарият қисмига тушунтириш хатлари юборилган.
Бундан кейин депутатлик сўровларининг ижроси билан боғлиқ ҳисоботни тоифаларга ажратган ҳолда юритиш лозим. Яъни, “сўров ижроси таъминланди”, ёки “тушунча берилди”, деган мазмундаги таклифларни илгари сурамиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботни маъқуллади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.