Эҳсон сўралмайди

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг марказий майдонлари, асосий кўчалари чорраҳалари ва масжидлар атрофида пайдо бўлган, покистонлик экани айтилаётган бир гуруҳ ўсмирлар томонидан содир этилаётган “тиланчилик” ҳаракатлари кенг муҳокама қилинмоқда. Аввало, бу ҳолатларни чуқур ўрганиб, вазиятга ойдинлик киритиш зарур, деб ўйлаймиз.

Албатта, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қонун ҳимоячилари бу масала билан шуғулланиши, шубҳасиз. Чунки, қонунчиликда аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалар ҳудудида, бир сўз билан айтганда жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғуланганлик учун маъмурий чоралар белгилаб қўйилган.

Шу кунларда бутун мусулмон оламида бўлгани каби юртимизда ҳам муборак Рамазон ойи кенг нишонланмоқда. Албатта, бу ой сахийлик, меҳр-мурувват ва муҳтожларга кўмак бериш ойидир. Буни диёримиз мўмин-мусулмонлари жуда яхши тушунади ва баҳоли қудрат саховат, эҳсон қилиб келмоқдалар. Бироқ осон пул топиш мақсадида тиланчиликни ўзига одат қилиб олаётган кимсалар ҳам йўқ эмас. Айниқса, бунга ёш болалар ҳам жалб этилаётганлиги афсусланарли.

Партиямиз депутатлари кенг жамоатчилик ва аҳолининг фикридан келиб чиқиб, бу иллатнинг олдини олишга масъул бўлган идоралар билан бирга фаол ҳаракат қилиб, қонун устуворлигини таъминлашлари ва бу жараённи тартибга солишлари лозим.

Шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларнинг кайфиятига, йўлларда ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир қиладиган ҳолатларнинг давомли тус олишига йўл қўйиб бўлмайди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Тошкент шаҳар кенгаши

 
← Рўйхатга қайтиш