Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият дунёнинг аксарият давлатларида ҳамон мураккаб бўлиб турибди. Пандемиянинг учинчи тўлқини айрим мамлакатларда тизгиндан чиқиб кетган бўлса, бошқа давлатларда катта хавотирларга сабаб бўлмоқда. Бунинг устига, коронавируснинг мутацияга учраётгани, унинг янги, жумладан, болалар ҳаёти учун хавфли турининг пайдо бўлгани ташвишлидир.
Мамлакатимизда кўрилган қатъий чоралар туфайли пандемияни жиловлашга муваффақ бўлдик. Бошқа давлатларга қиёслаганда кўрилган талофат у қадар катта бўлмади. Бироқ кейинги пайтда коронавирус тарқалиши яна хавотирли тус олди, касаллик билан зарарланиш ҳолатлари кўпайди. Шу сабабли, жорий йил 18 апрелдан карантин қоидалари янада кучайтирилди. Жумладан, махсус комиссия қарори билан боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда уларнинг фаолияти зудлик билан тўхтатилиши ҳамда икки ҳафтага карантинга олиниши, бу вақт мобайнида улар онлайн тартибда фаолият юритиши белгилаб қўйилди.
Самарқанд шаҳридаги 26 та мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари орасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқланганлиги сабабли ушбу мактабларда болаларга таълим бериш 27 апрелдан онлайн тартибга ўтказилди. Ўқув жараёни масофавий шаклга ўтказилган ҳар бир мактаб биноси тўлиқ дезинфекция қилиниб, 14 кундан сўнг, яъни ўқитувчи ва ўқувчилардан олинадиган тиббий тест натижаларига қараб офлайн ўқиш тизимига қайтилади. Бу, албатта, мавжуд эпидимиологик вазиятдан келиб чиқилган, инфекция тарқалиши авж олиб кетмаслиги учун кўрилган чорадир. Буни ҳаммамиз тушуниб турибмиз.
Бироқ, масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Дарсларни онлайн тартибда ўтказиш учун шароит яратилганми? Карантинга олинган мактаблар юқори тезликдаги интернет билан таъминланганми?..
Расмий манбаларда халқ таълими тизимидаги 9114 та (91%) умумтаълим мактаби юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига улангани, 4715 та умумтаълим муассасаси ички локал тармоқ ускуналари, Wi-Fi қурилмалари билан таъминлангани қайд этилган. Бироқ депутатлар томонидан ҳудудларда назорат-таҳлил тартибида умумтаълим мактабларида ахборот коммуникация технологиялари жорий этилишининг аҳволи ўрганилганда реал ҳолат юқорида келтирилган рақамлардан анча узоқдалиги маълум бўлди.
Мобиль интернет тезлиги ва нархи бўйича ҳам муаммолар оз эмас. Бу ҳақда жуда кўп гапирилган, аммо қишлоқ жойларида муаммо муаммолигича қолиб кетмоқда. Энди ўйлаб кўрайлик, шундай шароитда онлайн тартибда дарс ўтиб бўладими?..
Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, пандемия кўплаб камчиликларимиз, заиф томонларимизни рўй-рост кўрсатиб қўйди. Хулоса чиқаришга туртки берди. Жумладан, ўтган йили коонавирус пандемияси сабабли таълим тизими илк марта оммавий равишда онлайн тартибга ўтказилганда таълим муассасаларини ахборот коммуникациялари билан таъминлаш соҳасидаги ҳақиқий аҳвол юзага чиқди.
Бизнингча, мактаблар тўлиқ ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланиши, жумладан, оптик толали интернет тармоғига уланишнинг ҳақиқий ҳолати ўрганилиши, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат доирасида чора-тадбирлар кўрилиши керак. Бундай кўламдаги ишни муайян бир вазирлик ёки маҳаллий ҳокимиятлар кучи билан амалга ошириб бўлмайди.
Фарзандларимиз таълим-тарбияси билан боғлиқ ташкилий ишларни орқага суриш кейинчалик жуда қимматга тушиши мумкин. “Масофадан ўқишга ўтказилсин”, деб қарор чиқариш осон, айни пайтда масофадан ўқишга шароит яратиш ҳақида ҳукуматда аниқ режа бўлиши зарур.
Интернет, ахборот замонида сифатли, арзон интернетсиз нафақат таълим тизимида, балки бошқа соҳаларда ҳам тараққиётга эришиб бўлмайди.
Халқ демократик партияси
Суратда ўтган йилнинг май ойида тармоқларда видеоси тарқалган интернет муаммоси сабаб томга чиқиб масофадан дарс ўтаётган ўқитувчи