МУСТАҚИЛЛИК АВВАЛО, ҚАДРИМИЗ ВА ҚАДДИМИЗНИ ТИКЛАДИ

Айни кунларда юртимизда мустақиллигимизнинг 28 йиллик тўйига кенг кўламда тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Республикамизнинг ҳар бир шаҳар ва туманлари, чекка қишлоқ жойларида байрамни юқори кўтаринки руҳда ўтказиш, ҳудудларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам фикримиз исботидир.

Қолаверса, жойларда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида аҳоли билан кенг қамровли учрашувлар, суҳбатлар ташкил этилиб, мазкур тадбирларда ўтган давр мобайнида босиб ўтган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташланиб, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширган ишларимиз, эришган ютуқларимиз, натижаларимиз холисона баҳоланиб, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг эътиборига етказиш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида “Мустақиллик – юртимиз ободлиги, турмуш фаровонлиги, халқимиз бахту-саодатининг кафолатидир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсатшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар мустақиллик энг улуғ неъмат экани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўлимиз, амалга оширган ишларимиз холисона сарҳисоб қилинди, Ватан озодлиги ва фаровон ҳаёт – мустақиллик берган улкан неъмат эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш зарурлиги таъкидланди.

– Мустақиллик йилларида бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди, , – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал Умаралиев. — Зеро, мамлакатда ўтказилаётган барча ислоҳотларнинг асл мақсади ҳам инсонга муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, унинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришдан иборатдир. Ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг асосий тамойили сифатида мунтазам равишда ва изчил амалга ошириляпти. Келинг, узоққа бормайлик. Бир мисол, шу йилнинг 12 июль куни Президентимиз фармонига асосан 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади. Шунингдек, I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинадиган бўлди. Бу албатта, халқимиз турмуш фаровонлиги мутассил ошиб бораётганини англатади.

Шунингдек, сўзга чиққанлар истиқлолга эришишимизнинг машаққатли йўли ҳақида гапириб, мустақиллик йилларида қўлга киритилган улкан ютуқ ва муваффақиятларимизни яна бир карра эътироф этишди. Нотиқлар, истиқлол йилларида инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, турмуш шароитини яхшилаш, моддий ва ижтимоий фаровонлигини ошириш учун туб ислоҳотлар амалга оширилгани, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар ташланганига эътибор қаратилди. Бу эса ўз навбатида сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани қайд этилди.

– Мамлакатимиз ҳаётининг бирор-бир жабҳаси йўқки, унда мустақиллик шукуҳи сезилмаса, жамиятимизнинг бирор-бир аъзоси йўқки, унинг ҳаёти, орзу-умидларида мустақиллик акс этмаган бўлса. Мустақиллик бугунги тинч, осуда ҳаётимиз, халқаро майдондаги нуфуз ва эътиборимизнинг бош мезонига айланди. Бу бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов. – Мустақиллик байрамини муносиб нишонлашимиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказишда партиямиз ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпти. Шу муносабат билан партиямиз Марказий Кенгаши Ижроқўми Ҳайъатининг тегишли қарори қабул қилинди, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, партия ташкилотларимиз ҳамда депутатлик бирлашмалари республикамизнинг барча ҳудудларида етакчи олим ва мутахассислар, ёзувчи, шоир ҳамда санъаткорлар иштирокида турли семинарлар, давра суҳбатлари, учрашув ва анжуманлар ўтказади. Жойларда мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ташкил этиляпти. Бугунги тадбир ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди.

Сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори биринчи галда кеча билан бугунни таққослашга имкон бериши, эртага қандай марраларни қўлга киритишимиз ҳақида мушоҳадага чорлашини алоҳида эътироф этишди. Унда белгиланган ҳар бир йўналиш каттадан катта ишларни амалга оширишга, ҳар кунимиз, керак бўлса, ҳар онимизга шукр қилиб яшашга ундаши таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда юртдошларимиз мамлакатимиздаги осойишталикни кўз қорачиғидик асраб авайлаётгани, ёрқин келажакни ўйлаб яшаётгани учун ҳам давлатимиз тараққиёт йўлидан қатъий ва дадил одимламоқда. Бугун қайси бир соҳани олмайлик, ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Айниқса, мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг асл мақсадини инсон манфаатлари ташкил этади. Аввало, бу борада ҳамиша устувор ва долзарб вазифа ҳисобланган ёшлар масаласига алоҳида эътибор бериб келинади.

Депутатлар ўз сўзида ҳар бир партия фаоли мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида фидойи бўлиши, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, ҳаётимиздаги аҳамияти тўғрисида тарғибот ишларини электоратимиз орасида чуқурроқ олиб бориши кераклигини қайд этишди.

Тадбирда шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Мирзо Карим, Антик дунё академияси академиги, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қобилбек Каримбеков ҳамда ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сайёра Файзиева сўзга чиқиб, тинчлик, осойишталик энг олий неъмат эканлигини, Ватан тараққиёти йўлида меҳнат қилиш ҳар бир фуқаро учун шараф ва бурч эканлигини таъкидлаб ўтишди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш