“Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 12-моддаси бўйича Халқ демократик партияси фракциясининг тушунтириши

 

Кечадан бери “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 12-моддаси билан боғлиқ таклиф етарлича овоз тўплай олмагани, хусусан, Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қарши овоз бергани ижтимоий тармоқларда эҳтиросларга берилган ҳолда муҳокама этилмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда Халқ демократик партиясига нисбатан кескин муносабатлар кузатиляпти.

Бундай ҳолат келиб чиқишига 12-моддага “Миллий тикланиш” партияси фракцияси муқобил сифатида таклиф этган меъёр ҳақида тўғри тушунча ва маълумот олмасдан, масалага ҳиссиёт билан ёндашилаётгани асосий сабаб бўлмоқда.

“Миллий тикланиш” партияси фракцияси таклифи қабул қилинмаганига сабаб унинг асосланмаганлиги ҳамда амалдаги қонунларга зидлигидир.

Аниқлаштирамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Ушбу қонуннинг 6-моддасида мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ҳукумат киритган ва масъул қўмита таклиф этган таҳрирга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади. Ушбу таҳрирни Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари тўлиқ қўллаб-қувватлашди.

“Миллий тикланиш” партияси фракциясининг таклифида эса “жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилинади”, деган масала қўйиляпти.

Бу таклиф қабул қилинса, ҳаётда қандай муаммолар келиб чиқиши мумкинлигини оддий ҳолат мисолида тасаввур ва мушоҳада қилиб кўрайлик.

Ўзбекистонда азалдан шаклланган, бошқа миллат вакиллари яшайдиган шундай ҳудудлар борки, кундалик ҳаётда давлат тилида мулоқот қилинмайди. Шундай ҳудудлардан бирида соғлиги оғирлашган инсон тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, ўз тилида мурожаат этса, тиббий хизмат ходими унинг тилини тушунгани ҳолда, мурожаатини қабул қилмаслиги ва фақат давлат тилида жавоб бериши тўғри бўладими?..

Тез ёрдам хизматига бемор кишининг қўнғироқ қилиши ҳам мурожаат ҳисобланади. Демак, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан давлат тилини билмайдиган бемор тез ёрдамга қўнғироқ қилиш учун аввал ёнига таржимон чақириши керак бўладими?.. Бемор аввало инсон, фуқаро, унинг устувор ҳуқуқлари давлат тилини билмагани учун чекланиши тўғрими?..

Жамиятдаги муайян қатламнинг кундалик ҳаётини мураккаблаштиришга олиб келадиган, миллатлараро нифоққа сабаб бўладиган меъёр орқали “Миллий тикланиш” партияси фракциясининг ўзини “миллат қаҳрамони” сифатида кўз-кўз қилишга уринаётган раиси нимага эришмоқчилигини тушуниш қийин.

Ўзини кўрсатиш учунгина илгари сурилган меъёрни деб бемор вақтида тиббий ёрдам берилмагани учун ҳаётдан кўз юмса, бундан жамоатчилик хабар топса, бир маҳаллада, жамиятда миллатлараро қандай вазият юзага келишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Халқ демократик партияси фракцияси давлат тилининг мавқеини кўтаришга хизмат қиладиган қонун лойиҳасига эмас, “Миллий тикланиш” партияси фракциясининг юртимиздаги бошқа миллат вакилларини камситишга қаратилган таклифига қарши овоз берган.

Жаноб Қодиров Олий Мажлисга киришидан анча аввал Ўзбекистонда қонунчилик бўлган, қанча депутатлар, олим ва мутахассислар тил ҳақидаги меъёрларни қабул қилишда мушоҳада юритган. Юқоридаги каби ҳолатлар ҳақида ўйлангани учун ҳам “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда “мурожаатларга жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади”, деган мазмундаги меъёр киритилган.

Қонун қабул қилингач, Ўзбекистондаги ҳамма инсон учун мажбурийлик кучига киради. “Миллий тикланиш” партияси фракцияси раҳбари инсоннинг устувор ҳуқуқларини яхши тушунмаган шекилли фракциясининг таклифи қандай оқибатларга олиб кетиши мумкинлигини ўйламаган кўринади.

 

  Инфографикани юклаб олиш 

 

“Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳар бир моддада давлат тили мақомини ошириш билан боғлиқ муҳим янгиликлар киритилмоқда.

Таажжуб уйғотадигани “Миллий тикланиш” партияси раиси айнан 12-моддага урғу беришга уринмоқда. Мурожаатларга қайси тилда жавоб берилиши масаласи бошқа миллат вакиллари ҳуқуқлари, қадриятлари билан кесишадиган нуқта бўлгани учун одамларнинг нозик ҳиссиётлари ва эътиқодларига тегиш мақсадида шундай қилинаётгандек.

Қодировчилар Конституциямизнинг 8-моддасидаги Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши, 18-моддасидаги Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ҳақидаги меъёрлар билан танишиб, мағзини чақиб кўриши тўғри бўлади.

Жаноб Қодировга асосий эслатма шуки, Конституциямизнинг 57-моддасига мувофиқ, миллий адоватни тарғиб қилувчи, миллий ва диний руҳдаги партияларнинг тузилиши ҳам, фаолияти ҳам тақиқланади.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси “Миллий тикланиш” партияси фракцияси эмас, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланиб, парламент муҳокамасига киритилган. Мазкур лойиҳа қарийб бир йил давомида чуқур таҳлил қилиниб, такомиллаштирилган. Халқ демократик партияси фракцияси ҳам ўз таклифлари билан жараёнда фаол иштирок этган ва якунда қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.

“Миллий тикланиш” партияси фракциясининг 12-модда бўйича билдирган таклифи эса “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг эзгу мазмунига, амалдаги қонунларга зид, деб ҳисоблаймиз.

← Рўйхатга қайтиш