“Аёллар дафтари” кўплаб нуроталик аёлларга умид бахш этди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Нурота туман кенгаши ташаббуси билан «Аёлларга кўмак» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди. Хотин-қизлар масалаларига оид қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда топшириқлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ушбу тадбир доирасида тиббий-кўрик ҳам ташкил этилди. Унда ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 22 нафар фуқаро, шундан 9 нафар хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 19 нафарига 2-гуруҳ ногиронлиги қайта тикланд, бир нафари 3-гуруҳдан 2-гуруҳга ўзгартирилди.

– Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиздан бири, – дейди туман кўп тармоқли марказий поликлиника мудири, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуманнон Аслонов. – Нуроталик 225 нафар «Аёллар дафтари»га киритилган соғлигида муаммоси бўлган аёлларга 150 миллион сўмлик дори-дармон,  40 нафарига протез-ортопедик буюмлар берилди. Шунингдек, беш  нафар хотин-қизларга вилоят марказидаги шифохоналарга даволанишлари учун, икки нафар аёлга мураккаб жарроҳлик амалиётини амалга ошириш учун республика клиникаларига ордер берилди.

Лойиҳа доирасида “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тиббиёт йўналишида «Аёллар дафтари»га киритилган аёллар билан учрашиб, уларни қийнаётган масалалар ўрганилди.

– 1961 йилда туғилганман, – дейди Чорвадор кўчасида истиқомат қилаётган Ҳайитгул Икромова. – Пешонамда ёзилган экан, сурункали лимфо лейкоз касаллиги билан курашиб келяпман. Бу касаллик доимий даволаниб юришни талаб қиларкан. Дори-дармонлар жуда қиммат. Қарзимиз кундан кунга кўпайиб кетяпти. Дориларни олишга ёрдам қилсалариз жуда хурсанд бўлардим.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Асомиддин Ҳайдаров онахоннинг хонадонларига туман онколог врачи билан бирга ташриф буюриб, тиббий кўрикдан ўтказишда ўзи бош бўлишини таъкидлаб, дориларни олишга ҳам ёрдам беришини айтди.

– Маҳалламизда 4135 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди А. Ҳайдаров. – Шундан 2037 нафари хотин-қизлар. Уларнинг 116 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган. Яқинда 17 нафарига зарур дорилар берилди, икки  нафар аёлнинг бандлигини таъминлашга эришдик.

Қувонарлиси, депутат ташаббуси билан ушбу ҳудудда давлат шерикчилиги асосида «Умидли ёшлар маскани» хусусий боғчаси қад ростлаган. Таълим муассасасида айни кунда 25 нафар хотин-қиз фаолият юритади. Уларнинг аксарияти ушбу таълим муассасаси фойдаланишга топширилгунга қадар ишсиз бўлиб юрган аёллардир. Тўрт нафар фарзанднинг онаси Назира Эргашеванинг ҳам қувончи чексиз. Энди у иш қидириб, эшикма эшик юрмайди. Чунки депутат кўмаги билан опахон муассасага ишга қабул қилинди.

Халқ депуталари туман Кенгаши депутати, «Нурота Агро фирма экспорт” МЧЖ» раҳбари Илҳом Самиев кўмаги билан «Миришкор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги икки нафар ишсиз аёл – Ирода Норқўзиева, Озода Жумаеваларнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, рамазон ойи муносабати билан «Миришкор» МФЙдаги камбағал, оилавий шароити оғир беш нафар оила бекаларига озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Тадбир сўнггида каштачилик, кулолчилик билан шуғулланаётган ҳунармандлар фаолияти ҳам ўрганилди. Уларнинг шогирдлари билан суҳбатлашилди. Ҳунармандларга халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Акрам Якубов ўзининг тавсияларини берди.

– Кулолчилик йўналишида фаолият юритаётган Сулаймон Истамтошев ёш бўлишига қарамай, ўз ҳунарини 30 нафар шогирдига ўргатиб келяпти, – дейди. Унинг кўплаб издошлари республика кўрик-танловларида туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юзимизни ёруғ қилиб қайтишяпти. Хусусан, яқинда ўтказилган «Камолиддин Беҳзод издошлари» республика танловида Шаҳзод Ражабов 3-ўринни, Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивалида Адҳам Болиқулов олтин медални қўлга киритди.

Шунингдек, тадбир доирасида моҳир каштадўз уста Феруза Амонованинг фаолияти билан танишилди. Ҳунари орқасидан кўплаб хорижий мамлакатларда бўлган Феруза опа келгусида режалаштираётган ишлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, субсидия олиш учун керакли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Маблағ ажратилиши билан зарур хомашё ва асбоб-ускуналар олиниб, 50 нафар «Аёллар дафтари»да турган аёлларга каштачиликнинг сир-асрорларини ўргатишни бошлайди.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш