Халқ демократик партиясининг янги лойиҳаси Қумқўрғон туманидан бошланди

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида       “Эътиборимиз марказидаги ҳудуд!” лойиҳаси доирасида манзилли тадбирлар бошланди. Икки кун давом этадиган лойиҳа доирасидаги тадбирлар ўзининг кўлами ва қамрови билан алоҳида аҳамият касб этади.

Тадбирлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ХДП Марказий Кенгаши ва Сурхондарё вилоят, туман кенгашлари масъул ходимлари, депутатлар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Қумқўрғон туманидаги “Янги ҳаёт”, “Давлатсой”, “Янги обод” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ёлғиз кексалар яшайдиган хонадонларга бориб, уларнинг яшаш шароитларини, муаммоларини ўрганди.

Эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, эшитиш аппаратлари топширилди. Улар кўтарган муаммоларни ҳал этиш депутатлар томонидан назоратга олинди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида ушбу маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилади. Касаллик аниқланган, даволанишга муҳтож фуқароларга мутахассислар маслаҳати берилди, тегишли ёрдамлар кўрсатилади.

Иккинчи ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги мактаб ва тиббиёт муассасаларининг аҳволи, уларнинг моддий-техник таъминоти билан танишдилар. Ўрганиш давомида тумандаги 1 ва 2-сонли умумтаълим ўрта мактаблари кутубхоналарига Халқ демократик партиясининг совғаси – йирик тўпламдаги китоблар жамланмаси ҳадя қилинди.

Ишчи гуруҳ ташаббуси билан Ёшлар парламенти аъзолари, волонтерлик гуруҳлари жалб этилган ҳолда тумандаги “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган 4 та оиланинг уй-жойлари таъмирлаб берилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керак, мазкур акция ҳар бир вилоятда ташкил этилади ва ҳудуддаги энг чекка туман танлаб олиниб, ҳар ойда бир маротаба, ойнинг учинчи ўн кунлигида биттадан туманда ўтказилади. Лойиҳадан 10 кун олдин туманда истиқомат қилувчи оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, яшаш шароити қийин, иш билан таъминланмаган, ногиронлиги бўлган, “Темир дафтар”га киритилган 10 та хонадон рўйхати, уларнинг манзиллари, шунингдек, тумандаги мактаблар ва ҚВПлар рўйхати шакллантирилади.

Партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, минтақавий партия кенгаши ва туман партия кенгаши ходимлари, туман кенгаши депутатларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар тузилади.

Тадбир доирасида партия электорати истиқомат қиладиган 40 та хонадон, мактаблар ва тиббиёт бирлашмалари муаммолари ўрганилади, уларнинг ечими бўйича партия гуруҳларининг иштироки таъминланади. 1000 дан ортиқ кам таъминланган оилалардаги аёллар, оналар ва болалар, пенсионерлар тиббий кўрикдан ўтказилади. Ҳар бир ҳудуднинг энг чекка 4 та туманида “Ўзбекистон ХДП боғи” ташкил этилади.

Аниқланган муаммолар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида, доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилади, зарур ҳолларда сессияга масала киритиш орқали муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилади.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш