Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Ушбу қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар, Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, «Йўл харитаси» тасдиқланди. Миллий мақсад ва вазифаларни қамраб олувчи ушбу Дастур 17 та глобал мақсадни ҳамда улар билан боғлиқ 169 та вазифани ўз ичига олади. Глобал мақсад сифатида қуйидаги вазифалар белгилаб берилган: 1) қашшоқликни йўқотиш; 2) очликни тугатиш; 3) соғлик ва фаровонлик; 4) сифатли таълим; 5) гендер тенглиги; 6) тоза сув ва санитария; 7) арзон ва тоза энергия; 8) муносиб иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсиш; 9) саноатлаштириш, инновациялар, инфратузилма; 10) тенгсизликни камайтириш; 11) барқарор шаҳарлар ва қулай яшаш жойларини яратиш; 12) масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш; 13) иқлим ўзгаришига қарши курашиш; 14) денгиз экотизимларини асраш; 15) қуруқликдаги экотизимларни асраш; 16) тинчлик, адолат ва самарали бошқарув; 17) барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик.
“Ахборот технологиялари соҳасига хотин-қизларни янада кенгроқ жалб қилиш” йўналиши ушбу мақсадлардан 12 тасининг вазифаларига мос келади. Яъни, ЎзХДП Марказий Кенгашида ушбу мавзуда бўлиб ўтган семинарда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали самарали натижаларга эришиш мумкин. Жумладан, қашшоқликни йўқотиш, очликни тугатиш, сифатли таълим, саноатлаштириш, инновациялар, муносиб иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ўсиш каби мақсадларни ижросини таъминлаш имкониятлари яратилади, деб ҳисоблаймиз.
Ҳудудларда сайловчилар билан бўлган учрашувларда, оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизлар билан суҳбатлашилганда, аёлларимизни қийнаётган муаммоларнинг асосий сабаби уларнинг ҳеч қандай касбга эга бўлмаганликлари эканлиги маълум бўлди. Шу боисдан, ҳозирда мавжуд касблардан ташқари, хотин-қизларимизнинг ахборот технологиялари билан боғлиқ касбий кўникмаларини ривожлантириш учун қатор чора-тадбирларни амалга ошириш тақозо этилади. Бу вазифалар қуйидаги йўналишлардан иборат:
Биринчидан, меҳнат бозорини инобатга олган ҳолда хотин-қизларнинг интелектуал касб маҳоратларини ошириш, уларни замонавий ахборот технологияларини касбларига ўргатиш орқали хотин-қизларни турли хил зўравонлик ва камситилишларини олдини олиш.
Бу билан хотин-қизларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга эришилади. Қолаверса, вилоятлар марказларида IT-марказ ўқув филиалларига хотин-қизларни кўпроқ жалб этиш имконияти яратилади. “Компьютер саводхонлиги», «Веб-дастурлаш», «Мобиль дастурлаш», «График дизайн», «Робототехника», «Киберспорт», «IT-English» каби турли йўналишларига хотин-қизлар қамраб олинади. Айниқса, 35 ёшгача бўлган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришилади.
Иккинчидан, мактаб ёшидаги қизларимизни Бешта муҳим ташаббус доирасида компьютер саводхонлиги йўналишига кўпроқ жалб қилишга эришиш. Чунки, келажакда қайси касб эгаси бўлишдан қатъий назар, ушбу кўникмаларга эга бўлишнинг аҳамияти катта. Бу борада Халқ таълими вазирлиги ва Ёшлар иттифоқининг ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, “Ишга марҳамат” Моно марказларида ушбу йўналишда касбга тайёрлаш ишларини янада самарали ташкил этиш ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”га киритилган чекка ҳудудлардаги аёлларни уларга жалб қилиш лозим. Бу борада маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда туман ва вилоят марказларида йўл транспорт масалалари бўйича муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш талаб этилади.
Хулоса ўрнида айтганда, қизларимизнинг дунёқарашини мактаб партасиданоқ ўзгартиришга эришмасак, яна ўн йилдан сўнг ҳам хотин-қизларимиз бугун бизни ўйлантираётган муаммоларга дуч келиши мумкин. Шу боисдан аёлларимизнинг касб танлашида замонавий ёндошувлардан келиб иш тутишимиз лозим.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.