Ўзбекистон ва Туркманистон: асрлар силсиласида синалган дўстлар

 

Ҳамдардлик, дўсту-биродарлик, яхши ва ёмон кунда дўстга содиқлик, садоқат ва меҳр-оқибат туйғулари азиз халқимизнинг қон-қонига, онгу-шуурига сингиб кетган энг улкан фазилатлардир.

Ва бундай сифатлар ҳамиша халқимиз ҳаёти ва маънавияти, асл турмуш тарзининг бош асоси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Чунки халқимиз азал-азалдан тенгсиз маънавият ва юксак интизомга эга халқдир.

Зеро Яратганнинг ўзи халқимизга алоҳида, жасорат ва матонат, улкан фидокорлик ҳислатларини ҳам ато этганки, буни сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган асрларга татигулик эзгу ишлар мисолида ҳам кўриб турибмиз.

Амалга оширилаётган ушбу кенг миқёсдаги ишлар замирида эса, бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган 1 миллиондан ортиқ туркман миллатига мансуб ватандошларимизнинг хам муносиб ҳиссаси борки, буни алоҳида эътироф этиш жоиздир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда сўнгги тўрт, тўрт ярим йил давомида барча соҳаларда олиб борилган чин маънодаги инқилобий ишлар ва ўзгаришларни кўз ўнгимизга келтириб салмоқлаб кўрар эканмиз, Ўзбекистон Президенти белгилаб берган энг тўғри йўл ва энг аниқ режалар асосида амалга оширилган ишлар ўлароқ мамлакатимизда рўй бераётган демократик ислоҳотлар салмоғига унча-мунча тарози палласининг дош бера олмаслиги кундай равшан ҳақиқатдир.

Айтиш мумкинки, ана шу ҳақиқатнинг - чек-чегарасиз ислоҳотларнинг эгаси, мамлакатимизда учинчи ренесанс пойдеворини яратган, ўзбек халқининг оқил йўлбошчиси, бугун дунё тан олган сиёсий етакчиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевдир.

Зеро буюк ишлар, буюк воқеалар, ҳамиша йўлбошчи билан замон ўртасидаги занжир мисол ришталардир.

Бу каби ҳаёт қонуниятлари, табийки азиз халқимизнинг ўзига хос бўлган, айрича, ҳақиқий ўзбекона шарт-шароитларга боғлиқ равишда кўзга кўрина оладиган бетакрор хусусиятларида ўз аксини топади.

Ўзбекистон Президенти бугун нафақат бутун дунё саҳнасида ўзининг чин маънодаги халқпарварлигини, тинчликпарвар, яратувчанлик сиёсатини намоён эта олди, балки қўшни мамлакатлар, шу жумладан Туркманистон Республикаси билан ҳам доимий ҳамкорлик ва қўшничилик алоқаларини ҳар томонлама мустахкамлаш борасида ўзининг бетакрор инсонийлик ҳислатларини, меҳр-муҳаббатга йўғрилган, ўрнак бўлишга арзигулик қирраларини кўрсата билди.

Давлатимиз раҳбари куни кеча Туркманистон Республикасига бўлган ташрифи давомида Туркманистон етакчисига отаси Маликгули Бердимуҳамедовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи ва шахсан ўзи номидан чуқур хамдардлик билдирди.

Маликгули Бердимуҳамедов туркман халқининг содиқ фарзанди ва ҳақиқий ватанпарвар бўлгани, ўз юртининг равнақига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.

Туркманистон Президенти ҳамдардлик учун ташаккур изҳор этиб, биродар ўзбек халқи ва унинг етакчиси ушбу мусибатли дамларда далда бўлаётганини юксак баҳолаши ва қадрлашини алоҳида қайд этди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Миллий Кенгашининг Халқ Маслаҳати раиси этиб сайлангани билан табриклади, бу мамлакат тараққиёти йўлида амалга оширилаётган сиёсат Туркманистон халқи томонидан қатъий қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин далили эканини таъкидлади.

Пандемия билан боғлиқ мураккаб даврда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайди ва ўтган йил якунларига кўра 530 миллион долларга етди, 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятни янада тўлиқ ишга солиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия мультимодал маршрутининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга томонлар тайёр экани таъкидланди.

Музокараларда халқларимиз яқинлигининг энг муҳим омили сифатида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш долзарб экани яна бир бор қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Туркманистон раҳбарига унинг халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларининг навбатдаги ёрқин рамзи сифатида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғини ташкил этиш ташаббуси учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш мақсадида яқин вақтда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга қарор қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари икки мамлакат халқларининг кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосидаги стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашда қатъий эканликларини тасдиқладилар.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш