ЎЗБЕКИСТОН ВА ҲИНДИСТОН: инсонпарварликка асосланган дўстлик

 

Мамлакатларимиз ўртасидаги асрлар оша давом этиб келаётган ҳамкорлик алоқалари бугун ҳам изчил ривожланмоқда.

Дарвоқе, Ҳиндистон мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва бугунги кунда Ўзбекистоннинг ички, шу билан бирга, ташқи сиёсатдаги устувор позициясини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу борада шуни ҳам ёдга олишимиз мумкинки, Тошкентда 1992 йилда дипломатик муносабатларни ўрнатиш ҳақидаги протокол имзоланган ва шу зайл икки мамлакат алоқаларида янги саҳифа очилган эди.

Ўтган давр мобайнида икки томонлама юқори даражадаги ташрифлар, парламентлараро ҳамкорлик, дўстлик жамиятларининг маданий-гуманитар соҳадаги мулоқотларини ҳам фаол руҳда олиб бориш юзасидан амалга оширилган кенг миқёсдаги тарғибот ишлари халқларимиз яқинлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланди.

Бугун ҳам мамлакатларимиз ўртасида фармацевтика, тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва маданият, кадрлар алмашинуви каби соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, бу борадаги ижобий тажрибани ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари ҳақида сўз борганда Ўзбекистон-Ҳиндистон қарашларининг яқин эканини таъкидлаш ўринли. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари мунтазам ташкил этиб келинаётгани минтақавий ва глобал масалалар бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва тинчликка эришиш йўлидаги якдил қарашларни шакллантириш имконини бермоқда.

Шунингдек, бугунги кунда юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида юқори ва сифатли тиббий хизматни ташкил қилишда Ҳиндистон билан ҳамкорлигимиз халқимиз соғлиғини сақлаш ва ҳимоя қилинишида ўзининг ижобий натижаларини кўрсатиб келмоқда.

Шундай экан, жорий йилнинг 1 май куни Президентимиз топшириғига биноан, Ўзбекистон Ҳукумати томонидан Ҳиндистон халқи учун мобил кислород концентраторлари тўпламлари ва турли дори воситаларидан таркиб топган инсонпарварлик ёрдамининг юборилиши давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ёрқин мисоли бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилган ушбу инсонпарварлик ёрдамини, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Евроосиё Департаменти директори ўринбосари Бандару Вилсонбабу

"Ҳиндистондаги жорий санитар-эпидемиологик ҳолат кескин оғирлашган бир вақтда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини юбориш ҳақида қарор қабул қилингани Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида фаол ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига содиқ эканини намойиш этиш билан бирга Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд стратегик шерикчилик алоқаларининг амалдаги яққол исботи," дея эътироф этди.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш