Оиладаги зўравонлик жамият муаммосига айланмаслиги керак

 

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида онлайн тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида мутасадди идора ва ташкилотлар, хусусан, ЎзХДП “Аёллар қаноти” олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди. Семинар иштирокчилари кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Гулшан Асатова, Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари:

– Семинарда бевосита хотин-қизларимиз тақдирига дахлдор бўлган муҳим мавзу юзасидан партиямиз лидер аёллари, тегишли ташкилотлар ва мутахассислар ўзаро фикр алмашилди. Муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилиниб, партия гуруҳи аъзолари, партия ташкилотлари, жумладан “Аёллар қаноти” олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Ҳаммамизга маълум, мамлакатимизда зўравонлик ва тазйиқларнинг олдини олишга доир ўзига хос миллий тизим ва норматив-ҳуқуқий асослар яратилиб, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга аҳамият берилганлиги натижасида фуқароларнинг турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлардан ҳимояланиш даражаси ортиб бормоқда.

Жиноятчилик, зўравонлик ва тазйиқларнинг олдини олиш ва унга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимизнинг асосий вазифасидан бири ҳам жамият ҳаётида қонунга риоя этишни кучайтириш ва мустаҳкамлаш, суд, прокуратура, адлия ва ички ишлар органларининг бу борадаги масъулиятини ошириш йўлида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда ҳал қилиниши лозим ва муҳим бўлган масалаларидан бири зўравонлик ва тазйиқнинг олдини олиш ҳамда ундан ҳимояланиш ҳисобланади. Айниқса, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 15-моддасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари белгилаб берилган. Ушбу вазифаларни амалга оширишда сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” ва депутатлари фаол иштирок этишлари муҳим аҳамиятга касб этади.

Биринчи навбатда, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реаблитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари билан ҳамкорликни кучайтириш, ҳар бир туман кесимида зўравонликка учраганлар таҳлилини қилиб бориб, сабабларини ўрганган ҳолда унинг олдини олишга ҳаракат қилиш керак. Авваламбор, партиямиз электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммолари ечимига эътибор қаратиш лозим. Жумладан, бугунги кунда барча ҳудудларда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш марказларига аёлларни жалб этиш, уларга таъминотсиз, кам фоизли кредит олишларида, субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қарашимиз лозим. Бу орқали аёлларнинг оила ва жамиятда, маҳалла кўйда ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлишида, ҳурмати ошишида кўмак берган бўламиз.

Шунинг билан бирга, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, имтиёзлардан уларни хабардор қилиб боришимиз лозим. Чунки ўз ҳуқуқини билмаган, ҳаққини талаб қила олмаган аёллар кўпроқ зўровонлик қурбонига айланмоқда, айнан ушбу тоифадаги аёллар бугун ўз жонига ҳамда ўзининг жигарбанди, зурриёди жонига қасд қилишга уринмоқдалар. Ушбу йўналишда тарғиботчи аёллар гуруҳларини ташкил этиб, жойларда маҳалла ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда махсус лойиҳа ва тарғибот тадбирларини ўтказишни йўлга қўйиш керак.

Шунингдек, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, уй-жойга муҳтож хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлашда, ҳамда ногиронлиги бўлган, даволанишга имкони бўлмаган аёлларга бепул ордерлар олишда, имтиёзли даволанишларида ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам ҳар доимгидек диққат марказимизда бўлиши керак.

Хотин-қизлар масалаларига оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши сессияларига аёллар муаммолари бўйича масалаларни кўтариб чиқиш керак. Мухтасар қилиб айтганда, юқорида таъкидланган ишлар фаолиятимизнинг ажралмас қисмига айланиши даркор.

 

Муқаддам Расулова, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реаблитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ижрочи директори:

– Марказимиз ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари 2019 йилнинг 29 августдан буён фаолият юритмоқда. Марказнинг асосий вазифалари оғир ижтимоий аҳволда қолган, оилавий муаммолар ва турмушда зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдир.

COVID-19 коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам тарқалиб, вазият анча кескинлашди. Дунёнинг турли мамлакатларидаги амалиёт шуни кўрсатадики, эпидемия ва мажбурий карантин пайтида оилавий ажрашишлар даражаси ошиши ва гендер зўравонлик хавфи кескин ортиб бориши кузатилади. Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси бошчилигида пандемия бошланиши билан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) кўмагида “Ишонч телефони”, Реабилитация ва мослаштириш республика маркази қошида «Зўравонликка йўл йўқ! Нет насилию!» телеграм канали фаолияти жорий йилнинг 16 апрелидан ўз фаолиятини бошлади.

2020 йилда бизнинг марказларга фуқаролардан 18 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 7 минги зўравонликдан жабр кўрганликка оиддир. Мурожаат қилганлар билан марказ психологлари иш олиб борган, тиббий ёрдамга муҳтожларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасаларига юборилган, зарур бўлган фуқаролар марказлардаги ётоқхоналарга жойлаштирилган ва уларга зарур ёрдамлар кўрсатилган.

Шуни ҳам такидлаб ўтиш керак, Олий Мажлис Сенати Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Швеция элчихонаси кўмагида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари учун статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйча электрон журнал ишлаб чиқилди. Бундай маълумотларни йиғиш Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилмоқда.

Афсусланарлиси, оилаларда зўравонлик содир этиб бўлингандан сўнггина жабрдийдалар билан ишламоқдамиз. Ушбу масалага мутасадди бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари биргаликда оилаларда зўравонлик содир бўлмаслиги чораларини кўриш, олдини олиш, профилактика масалаларини кучайтириш асосий вазифамиз бўлиши керак.

 

Муяссар Раҳимова, Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” бошқаруви аъзоси:

– Бугунги кунда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, айниқса, тадбиркорликка йўналтириш, ўзини-ўзи банд қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўзини-ўзи банд қилган аёлларимиз тикиш-бичиш, қандолатчилик, ҳунармандчилик йўналишларида, қисқаси, қўл ишлари билан ўзини-ўзи банд қилиш аёлларимизга 36 млн сўмгача бўлган гаровсиз, паст фоизли кредитлар берилмоқда. Бизнинг бу борадаги таклифимиз шундан иборатки, ҳудудлардаги йирик тадбиркорлик субъектлари қошида кооперативлар ташкил қилиб, ушбу аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар томонидан ишлаб чиқарилаётган махсулотларни шу кооперативлар орқали сотиб олиш, хомашё етказиб бериш ишлари йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Агар бу механизм жорий этилса, ўзини ўзи банд қилган тадбиркор аёлларимиз дуч келиши мумкин бўлган юқоридаги каби эҳтимолий муаммоларнинг олдини олган бўлардик. Бу борада Савдо саноат палатаси, мутасадди ташкилотлар билан ЎзХДП иш олиб бориши лозим, деб ўйлаймиз.

 

Назира Матякубова, Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” бошқаруви аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати:

– Қабул қилинган қонун ва қарорлар ахборот манбаини ҳамда ахборот етказиш механизмини яратиб, унга БПТларни ҳам улаш лозим. Чунки аёлларнинг ҳуқуқий билимларини оширишда бу қўл келади. Бундан ташқари, “аёллар аёлларга” тамойили асосида лидер, фаол аёлларни, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларга бириктириш ва шу орқали аёлларнинг муаммосини ечишга эришиш лозим.

Бола тарбияси билан машғул бўлган, ногиронлиги бўлган, лекин ишлаш имкони мавжуд аёллар учун уй меҳнатини ташкил этишга кўмаклашиш ҳам аёллар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олишга, аёлларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан бир қатор тавсия ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш