Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида халқ депутатлари туман Кенгаши ташаббуси билан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар билан ишлаш тизимини юқори босқичга олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этишнинг доимий молиявий манбаларини ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш мақсадида “Депутат ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш юзасидан фикрлар билдирилди, таклиф ва ташаббуслар муҳокама этилди. Шунингдек, ҳозирда маромига етказилаётган “Ўзбекистон ёшлари-2025” концепциясининг мазмун-моҳияти, унинг ёшларимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида тушунчалар берилди.
Учрашувда 2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган олимпия ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпионати олтин медали соҳиби, бугунги кунда профессионал боксда фаолият олиб бораётган Фазлиддин Ғоибназаров, ушбу олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Ихтиёр Наврўзов ва бошқа номдор спортчиларнинг иштироки тадбирнинг янада қизиқарли ўтишига сабаб бўлди.
Тадбир давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, саховатпеша тадбиркор Фаррух Бекмирзаев томонидан туман маданият марказида санъат сирларини ўрганаётган 5 нафар ёшларга мусиқа асбоблари, 10 нафар ёш спортчиларга спорт анжомлари тўплами ҳамда туман мактабгача таълим муассасаларига 9 дона овоз кучайтиргичлар совға қилинди. Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш доирасида икки нафар қизга тикув машиналари топширилди.
Тумандаги "Навбаҳор" МФЙда яшовчи Зилола Рўзиева учрашувдан олган таассуротлари ҳақида тўлқинланиб гапириб: "Депутат ва ёшлар” учрашуви бу тарзда қизиқарли ўтишини кутмагандим. Ундан олган "мотивация"лардан менинг эртанги кунга бўлган ишончим ортди ва ўз касбимни давом эттиришга қарор қилдим. Учрашувда тикув машинаси берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим, шу дақиқанинг ўзида илтимосим ижобий ҳал этилди. Рости, бунга ишонгим ҳам келмади. Энди ўз тикув машинамга эга бўлдим ва тадбирда сўз олиб айтганимдек, касбимни пухта эгаллаб моҳир чевар бўламан" – деди.
Самимий, очиқ-ошкора руҳда, эл-юрт ҳурматини қозонган ёшлар иштирокида ўтган “Депутат ва ёшлар” учрашуви қоровулбозорлик йигит-қизлар хотирасида сақланиб қолиши шубҳасиз.