“Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...”

 

Қадимдан оилада фарзанд туғилса, ниҳол экилган. Дарахтни халқимиз худди ўз фарзанди каби эъзозлаб парваришлаган. Дарахтга умид, келажакка ишонч рамзи сифатида қаралган. Шу маънода олганда, Қибрай туманида барпо этилаётган боққа “Янги Ўзбекистон” номининг берилиши ўзида мамлакатимиз тарихидаги янги даврни, юртимиз келажагига бўлган ишонч, умидни мужассам этди десак, асло муболаға бўлмайди.

Аввало боғ нафақат манзараси, ландшафти, балки мазмуни билан ҳам кишида ҳайрат уйғотади. Қолаверса, у шунчаки дарахтлари кўкка бўй чўзиб турган ҳудуд эмас, юксак маданият ва маънавият масканига айланади. Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлади. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодалайди. Ушбу боғда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуасининг барпо этилиши унинг маънавий аҳамиятини янада оширади.

Таъкидланганидек, боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўпмиллатли халқимизнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган мажмуа бўлади.

Моҳи Рамазоннинг муборак кунларида боққа экилган каштан, эман, чинор ниҳоллари бир кун келиб азим дарахтларга айланади. Бу ерга келувчиларга уларнинг шамолда ўйноқлаётган барглари халқимизнинг бунёдкорлик, яратувчанлик ишларидан сўзлаб беради...

“Янги Ўзбекистон” боғи тимсолидаги яратувчанлик ишлари юртдошларимизни илҳомлантиргани, боғу роғлар яратиб, юрт кўркига кўрк қўшишга ундагани шубҳасиз. Ўйлаймизки, бу ташаббус туфайли мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги-янги боғлар, сўлим масканлар барпо этилади. Севимли шоирамиз Зулифияхоним таърифлаганидек, “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...”

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш