Кексалар ҳолидан хабар олинди

 

Рамазон ойи маънавий-руҳий ҳаётда, жамиятдаги ўзаро аҳиллик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Халқимиз азал-азалдан ушбу муборак кунларда ўзгаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатган, беморлар ҳолидан хабар олган, кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Бу анъана мамлакатда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатига ҳам уйғундир.

Шундай мақсадларни кўзлаб, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси И.Атабаев ва партия аъзоси тадбиркор «Sayyora dizayn yulduzi» масъулияти чекланган жамият раҳбари Ёдгора Курановалар Наманган шаҳридаги «Саховат» кексалар уйида яшовчи 14 нафар нуронийлар холидан хабар олиш мақсадида ташриф буюрдилар.

Йўқлов тадбирида Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси И.Атабаев нуронийларга соғлиқ ва узоқ умр тилаган холда, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат натижасида тинч ва осойишта ҳаётдан шукроналик хисси билан яшаш ҳар бир инсоннинг бугунги кундаги бурчи бўлмоғи кераклигини таъкидлади.

“Мана шундай улуғ айём кунларда бизларга кўрсатилаётган эътибордан кўнгилларимиз қувончга тўлади. Кексаларга кўрсатилаётган мана шундай ғамҳўрлик фақатгина Ўзбекистондек жаннатмакон диёримизда бор. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларига чуқур эҳтиромимизни билдирамиз”-дейди нуроний отахон Обидхон Фахриддинов қўл очиб дуода бўларкан.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан нуронийларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

 

Дилноза ЎРИНБОЕВА,

Ўзбекистон ХДП Наманган шаҳар кенгаши раиси.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш