Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар, самарали тизим яратилган. Давлат ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг роли кенгайиб бориши, турмуш фаровонлиги, онгу-тафаккури юксалаётганлиги шу саъйи ҳаракатлар натижасидир. Лекин шундай бўлса ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масаласида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар бор. Шундай экан, буни фақат ваколатли ёки мутасадди идоралар фаолиятига дахлдор масала деб қарамасдан, барча фуқаролик жамияти институтлари, керак, бўлса ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчи сифатида кўришимиз лозим.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ЎзХДПнинг Сайловолди дастури, шунингдек “Аёллар қаноти”нинг низомида белгиланган қатор масалаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам электоратимиз бўлган, ижтимоий ҳимояга мухтож хотин-қизларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилиш имконини беради. Ўз навбатида ушбу йўналишдаги ишларимизнинг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор амалиётга боғлиқ таклифларни илгари суришни хоҳлардим.
Қайд этиш керак, бугунги кунда аҳолининг эхтиёжманд қатлами, жумладан хотин-қизлар ўзлари учун зарур бўладиган қонун ҳужжатлари, уларда назарда тутилган имконият ва имтиёзлар ҳақидаги ахборотлардан етарли даражада хабардор эмас. Бу айниқса, партиямиз электорати бўлган эҳтиёжманд оилалар ва аёллар учун жуда аҳамиятли. Шундай экан, партиямиз сайтининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ёки бошқа каналларни ташкил этиш орқали партия электорати бўлган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, улар учун яратилаётган имтиёзлар ва бошқа зарур маълумотларни акс эттирадиган Ахборот манбаасини яратиш ва уни доимий равишда янгилаб бориш зарур. Бу манбаага барча бошланғич ташкилотларни улаш орқали энг қуйи қатламларга етказиш механизмини яратиш керак.
Шунингдек, партиямизнинг ҳар бир туман, шаҳар Кенгашида тазйиққа ва зўравонликка учраган аёлларнинг сони, улар билан олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ҳақидаги таҳлилий маълумотлар эълон қилиб борилиши лозим. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси мисолида оладиган бўлсак, жорий йилнинг уч ойи давомида 973 нафар хотин-қиз тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган. Ва уларга ҳимоя ордерлари берилган. Энг аянчлиси уларнинг 7 нафаридан ташқари 966 нафари оилада айнан эрлари томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган. Буларнинг 14 нафаридан ташқари барчаси, яъни 959 нафари руҳий зўравонликдир.
Ушбу маълумотлар нимани кўрсатади. Демак, бу баъзи оилаларда эркакнинг аёлга муносабати ўзгармаётганлигидан далолат беради. Шундай экан биз фақат аёллардан иборат аудиториялар билан эмас балки, эр ва хотин билан биргаликда иш олиб борадиган механизм асосида ишлашимиз керак бўлади. Бунинг энг самарали йўли оилаларга маҳалла орқали кириб боришдир. Зеро маҳалла ўз ҳудудидаги ҳар бир оила, ундаги шароитлар, муаммоларни ҳар куни кўриб турадиган, шу ҳудуд оқсоқоллари, кайвониларини ишга солган ҳолда вазиятни ўзгартиришга таъсир ўтказа оладиган институтдир.
Бундан ташқари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишимиз талаб этилади. Масалан, қонунда ушбу соҳада таълим, тиббиёт, ички ишлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг иштироки, вазифалари, мажбуриятлари аниқ-равшан кўрсатиб қўйилган. Бироқ, амалда хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликка учраган пайтда мазкур ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва керакли ёрдам кўрсатилаяпти, деб айта олмаймиз. Шундай экан бу йўналишда кучли депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, зўравонликка, тазйиққа учрайдиган аёллар аксарияти бу ишсиз, бирор касб-ҳунарга эга бўлмаган, мустақил ҳаёт кечириб, ўзини ўзи тортиб кетолмайдиган аёллардир. Албатта, бугун мамлакатимизда бундай тоифадаги аёллар учун кенг имкониятлар яратилган. Бунга “Аёллар дафтари” тизими бўйича ишлашни мисол сифатида келтириш мумкин.
Шунинг билан бирга. хотин-қизларнинг ҳам ўз имкониятларини рўёбга чиқариш масаласини биринчи ўринга қўйишимиз керак. Чунки, у камбағал бўлсин, ногирон бўлсин ҳар қандай одамнинг ўзига хос қобилияти, иқтидори бўлади. Шундай экан ижтимоий ёрдамга мухтож одамларнинг қизиқишларини, интилишларини ўрганиб уларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, шундан келиб чиққан ҳолда аниқ меҳнатга йўналтириш лозим.
Умуман олганда, хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва билимларини ошириш, уларни касбларга ўқитиш, иш билан таъминлаш каби ижтимоий масалаларнинг самарали ҳал этилиши уларнинг тазйиқ ва зўравонликларга учрашининг олдини олиш мумкин. Шундай экан, “Аёллар қаноти” тизимида ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга мотивация берадиган, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган лойиҳаларни, ОАВларида фаол аёлларимизнинг чиқишларини кўпайтириш зарур.
Шунингдек партиямизнинг фаол, ҳаётда ва ишда юқори натижаларга эришган аёлларини зўравонлик ва тазйиққа учраган, руҳий тушкунликка тушган аёллар билан учраштириб, ёки бириктириб, худди “Ёшлар – ёшларга” тамойили каби “Аёллар аёлларга” шиори остида аёлларга дўст бўлиб, опа-сингил бўлиб ёрдам кўрсатадиган лойиҳаларни амалга оширишимиз керак.
Албатта, партиямиз тизмида хотин-қизлар билан ишлашнинг энг самарали йўлларини татбиқ этиш, “Аёллар қаноти”нинг ишларини янада ривожлантириш борасидаги ташаббус ва ғоялар, лойиҳаларни амалга оширишда барчамиз фаол иштирок этишимиз лозим.
Назира Матяқубова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” бошқаруви аъзоси.