Коррупцияга қарши кураш масаласида қуруқ баёнотлар берилишига қаршимиз

 

Сўнгги пайтда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бюджет маблағларининг талон-тарож қилиниши, мақсадсиз сарфланиши билан боғлиқ хабарлар кўпайди. Қайд этилган рақамлар эса миллиардларни ташкил этмоқда.

Хабарингиз бор, 2020 йилнинг давлат бюджети ижроси якунларида Халқ демократик партияси бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, ноқонуний ишлатилиш ҳолатларини кескин танқид қилиб, бюджет маблағларининг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар фуқаролар учун очиқ, ошкора бўлиши зарурлигини кун тартибига олиб чиққан эди. Ўз навбатида камчиликка йўл қўйган, камомад аниқланган ва бюджет маблағларини талон-тарож қилган вазирлик ва идоралар келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйилмаслиги ҳақида қоп-қоп ваъдалар берган эди. Афсуски, ваъдалар бажарилиши ўрнига, давлат бунинг акси бўлган ҳолатлар янада авж олди.

Жумладан, Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йил 1-чорагида бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларининг мақсадли фойдаланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 211,2 млрд сўм миқдорида пул, товар-моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатларга йўл қўйилгани аниқланган. Бу борада рақамлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 бараварга ортган.

Ачинарлиси, айрим давлат хизматчилари “берганда ол, урганда қоч”, қабилида иш тутишмоқда. Мисол учун, Халқ таълими вазирлиги тизимида 43,3 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 23,3 млрд сўм маблағ мақсадсиз сарфланган. Мактабгача таълим вазирлигида (41,2 млрд), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида (22,4 млрд), Автомобиль йўллари қўмитасида (16,1 млрд) сўм миқдоридаги қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган. Маҳаллий даражада эса 189,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган. Хусусан, энг катта кўрсаткичлар Сирдарё (40,2 млрд), Жиззах (23 млрд) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида (21,9 млрд) сўм аниқланган. Афсусланарлиси, бу каби ҳолатлар сабабли халқнинг давлат ташкилотларига бўлган ишончи камайиб бормоқда. Айрим нафс қулига айланган шахсларнинг касрига ўз соҳасининг фидойилари бўлган давлат хизматчиларининг номига ҳам доғ тушмоқда.

Бугунги кунда бюджет маблағларининг талон-тарож этиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани, давлат хизматчилари орасида “давринг келди суриб қол” деган тушунча билан яшаётган шахслар сони ортиб бораётгани ташвишлидир. Иккинчи томондан эса, вазирлик, идораларнинг коррупцияга қарши саъй-ҳаракатлари самара бермаётгани кишини ўйлантиради. Вазият эса жиддий. Шу боисдан, коррупция домида қолаётган вазирлик ёки идора раҳбарлари бу борада ўзларини оқлашга қаратилган баёнотлар билан чиқишга зўр бериш ўрнига, вазиятга холис баҳо бериб, тизимда ишни тўғри ташкил этса, ижро интизомини қатъий назоратга олишса, бюджетнинг бир сўми ҳам ўғирланмаган, маблағлар бесамар сарфланмаган бўлар эди.

Биз вазиятга тушунтириш бериш ёки ўзини оқлашга қаратилган баёнот берилишини кескин қоралаймиз ва холис фикр, адолатли қарорлар қабул қилинишини, энг асосийси, бюджет маблағлари халқнинг машаққатли меҳнати эвазига шаклланишига эътибор қаратган ҳолда тўғри сарфланишини талаб қиламиз.

Шу боисдан вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини кучайтириш лозим. Бу борада ҳукумат давлат бюджети ижроси ҳақидаги маълумотларнинг очиқлик даражасини ошириши керак. Вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар маблағларнинг сарфланиши юзасидан ҳар чоракда жамоатчиликка ҳисоб беришиши зарур. Давлат бюджети халқнинг пули, у халқ манфаатларига сарфланиши шарт!

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 
← Рўйхатга қайтиш