Диний ташкилотларни электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилмоқда

 

Кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча йўналишларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бир неча йиллар аввал жорий этилган, ҳозирда эса қатор жиҳатлари билан замон талабларига мослаштирилиши тақозо этилаётган қонунлар нормаларни қайта кўриб чиқишни кун тартибига қўймоқда. Хусусан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормалари ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.

Қонуннинг асосий мақсади — виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат. Қонуннинг лойиҳасида виждон эркинлигини таъминлаш, диннинг давлатдан ажратилганлиги, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш, диний ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар такомиллаштирилмоқда ҳамда бир қатор тушунча, атамаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга киритилаётган муҳим янгиликлардан бири диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш электрон тизим орқали амалга оширилиши белгиланиб, рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинаётганлигидир.

Шунингдек, қайта ташкил этиш йўли билан тузилган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш масаласига аниқлик киритилиб уни амалга оширишнинг тартиб-таомиллари аниқ белгилаб берилмоқда. Шу билан бирга, диний ташкилотни рўйхатга олиш тўғрисидаги мурожаат у қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, қайта рўйхатдан ўтказиш эса ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, эски таҳрирдаги қонунда диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этиш ҳаволаки норма асосида белгиланган бўлса, қонуннинг янги лойиҳасижа рўйхатга олишни рад этиш асослари аниқ санаб ўтилган.

Шунингдек, амалдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, диний ташкилот тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафар бўлиши талаб этилган бўлса, киритилаётган ўзгартишга асосан эндиликда маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун 50 нафар ташаббускор етарли ҳисобланади.

Мазкур қонундаги янгиликларидан яна бири диний ташкилотлар давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсинув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг диний ташкилотлар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилиши ҳақидаги норманинг киритилгани бўлди.

Қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар жараёнида жамоатчилик томонидан келиб тушган таклифлар асосида диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва фаолияти кафолатлари кучайтирилди ҳамда давлат органларининг диний соҳадаги ваколатлари мақбуллаштирилди.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳадаги умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу омилларнинг инобатга олингани мамлакатимизда яшовчи миллатлар ва элатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолишга, уларнинг диний эътиқодлари ва ҳис-туйғулари ҳурмат қилинишига хизмат қилади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш