Сайлов кодексига нега ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда?

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда бўлиб ўтган сайловларда маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштироки тобора кўпайди. Хусусан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича миссияси тизимли равишда мамлакатимиздаги сайловларни кузатиб, баҳолаб, сайлов тўғрисидаги амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган тавсияларини тақдим қилиб келмоқда.

Мазкур тавсияларга асосан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Булар қайсилар?

Аввало таъкидлаш керакки, сайлов тўғрисидаги амалдаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш борасида айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, амалдаги Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар судлар билан бир қаторда юқори турувчи сайлов комиссияларига ҳам берлиши мумкин. Бунда, судлар ва сайлов комиссияларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирига зид бўлган қарорлар чиқарилиши эҳтимоли мавжуд. Шу нуқтаи назардан, кодексга шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилиши ҳақидаги норма киритилмоқда (14, 20, 22, 101 ва 102-моддалари).

Яна бир масала, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2014 йил 29 июлдаги «Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларида сайловолди тарғиботини ўтказиш учун ҳокимликлардан рухсатнома олиш лозимлиги белгиланган. Аммо, ЕХҲТ сайловлар бўйича миссияси тавсиясига кўра, сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликларига камида 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини белгиланмоқда (48-моддада).

Амалдаги қонунчиликка биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда 6-8 нафар аъзодан иборат округ сайлов комиссиясида мингга яқин участка сайлов комиссиялари (парламент сайловларида эса 1 округга 65-110 та участка тўғри келади) тузилади. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бу ҳолат участка сайлов комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиришда қийинчиликлар туғдиради. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари – сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 11–18 нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши кўрсатилмоқда (21-моддада).

Кодексга киритилаётган яна бир ўзгариш шундан иборатки, сайлов бюллетенига номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи ҳақидаги маълумотни киритмаслик орқали ихчамлаштирилмоқда (31-моддада). Чунки, номзодлар ҳақидаги тўлиқ маълумот (шу жумладан, унинг иш жойи тўғрисда) сайлов участкаларидаги плакатларда аниқ кўрсатилиши сабабли, ортиқча такрорланишларнинг олдини олиш мақсадида ушбу норма жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация (ID) картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаб қўйилмоқда (38-моддада).

Мухтасар қилиб айтганда, юқоридаги нормаларнинг қабул қилиниши миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш