Эҳтиёжманд аҳоли қўллаб-қувватланади

 

Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимиздаги жуда кўплаб оилаларга мадад бўлади.

Қарорда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, “Темир дафтар”га кирган фуқаролар бўйича бандликни таъминлаш, томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш, тадбиркорликка жалб қилиш, моддий ёрдам ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш масалалари кўзда тутилди.

“Аёллар дафтари”га кирган фуқаролар бўйича юқоридагиларга қўшимча равишда турар-жой ижараси учун компенсация тўлаш, тиббий, хуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш белгиланди.

“Ёшлар дафтари”га кирган фуқаролар бўйича эса касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, хорижда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг шартнома асосидаги ўқиш харажатларини тўлаб бериш режалаштирилди.

Мазкур йўналишлардаги вазифаларни бажариш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги масъул ҳисобланади.

Қарорга кўра, шунингдек, “Темир дафтар”ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб ҳам ишлаб чиқилди.

Кўриниб турибдики, кучли ижтимоий ҳимоя янги Ўзбекистондаги давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг минтақавий кенгашлари аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаолликларини оширишда алоҳида ўта масъуллик билан ёндашишларини талаб этилади. Чунки мазкур масалалар бевосита партиямизнинг электоратлари манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқдир.

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш