Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинмоқда.
Унга кўра, Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларининг аксарияти жойлардаги аҳоли томонидан содир этилиши сабаб қилиб кўрсатилгани ҳолда, бу борадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига тааллуқли бўлиши белгиланаётган эди.
Мазкур масала фракциямиз йиғилишида депутатлар эътирозларига сабаб бўлган ҳамда ўз таклиф-тавсияларимизни билдирган эдик. Чунки, Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига қўшимча равишда кенг қамровли коммунал соҳадаги юкламаларни бериш нотўғри иш бўлади. Шусиз ҳам улар қонун-ҳужжатларида белгиланган 14 та йўналиш бўйича фаолият юритишмоқда.
Бундан ташқари, ушбу вазифанинг коммунал соҳа мутахассиси бўлмаган профилактика (катта) инспекторига юкланиши кутилган самарани бермаслиги мумкин.
Жойларда ўрганишлар вақтида профилактика инспекторлари билан суҳбатлар ўтказилганда, улар ҳам бу вазифанинг юклатилиши мураккабликларни келтириб чиқаришини алоҳида таъкидлашди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ички ишлар ходимлари, хусусан, профилактика инспекторларига қўшимча вазифа юклаш масаласи қонун лойиҳасидан чиқарилди. Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида бу ўзгартиш тасдиқланди.
Хулосамиз шундай: жамиятда ҳамма тузилма ўз вазифасини бажариши зарур, бошқа соҳаларга аралашишлар акс таъсир қилиб, муаммолар кўпайиши мумкин.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.