Ҳамширалар кутган Фармон

 

Бу ўринда гап Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони ҳақида бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, мазкур фармонни тарихий ҳужжат деб аташ мумкин ва ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши ўрта тиббиёт ходимлари учун бир қатор имкониятлар яратди.

Ушбу фармон Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Фармонда 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилиши кўзда тутилган. Хўш, бу янгилик халқимиз учун нима беради?

Бу – аввало оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтиришга хизмат қилади. Айниқса, тиббиёт коллежларини битириб, уйда ишсиз ўтирган йигит ва қизларимизнинг яратилган ушбу имконият туфайли ишли бўлиши, кишини қувонтиради. Чунки, кўп тиббиёт муассасаларида ҳозирги кунда 0,5 штат, яъни бир киши учун мўлжалланган жойда икки, уч киши бўлиб ишлаш ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Шунингдек, Фармонда тегишли вазирликларга жорий йилнинг 1 июнига қадар оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари эҳтиёжидан келиб чиқиб, янгиланган штат нормативларини тасдиқлаш вазифаси ҳам юклатиляпти.

Бундан ташқари, фармонда 2021 йил 1 августга қадар вазирлик жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасин ошириш тизимини 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилиш белгилаб қўйилган.

Фармонда кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, тиббиёт соҳаси оқсаётган, оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмаларига раҳбарлик лавозимига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникалариниг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассисларини шартнома асосида муайян муддатга ишга жалб қилинади. Бундай кадрларга жуда катта имкониятлар берилмоқда. Хусусан, раҳбар ходимлар ва мутахассисларга асосий иш жойидаги ўртача иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилади.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳамшаралик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади. Хусусан, ҳамширалик иши фаолиятини ўрта тиббиёт ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар амалга оширишлари, ҳамширалик фаолияти билан шуғулланаётган шахс белигиланган муддатларда ўз малакасини ошириб боришига шароит яратилмоқда.

Фармоннинг 8-бандида мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага жорий йилда Молия вазирлиги 50 миллиард сўмгача маблағ ажратиши ва 2022 йилдан бошлаб зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида белгиланиши белгилаб берилмоқда. Жамғарма маблағлари ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассисларга, мамлакатимизда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, уларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган фармони тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кент кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга, пировардида, аҳолига сифатли, малакали тиббий хизмат кўрсатилишига хизмат қилади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш