Ҳар бир солиқ ходими ўз даромадлари тўғрисида халққа ҳисобот бериши лозим

 

Солиқ тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш коррупцияга қарши курашиш ҳамда халқнинг ишончини оширишда муҳим воситадир. Шунинг учун солиқ хизмати ходимларининг даромадлари тўғрисидаги декларация жорий этилиши режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиб, хурсанд бўлдик.

Бу яширин иқтисодиёт “гуллаб-яшнаши”нинг ҳам олдини олиш билан бирга, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ўз фаолиятида коррупцион ҳуқуқбузарликларга муросасиз муносабатда бўлишлари ва уларнинг содир этилишига йўл қўйилмаслигини таъминлашга кўмаклашади.

Бундан ташқари, соҳада шаффофликни таъминлаш учун солиқ хизмати ходимлари ўзларига тегишли ҳаракатланувчи ва кўчмас мулклар, шунингдек, йил давомида умумий даромадларидан олинган бошқа активлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишлари керак.

Хусусан, кўчмас мулкка нисбатан объектнинг тури, умумий майдони ва жойлашган жойи, автомобиллари (ишлаб чиқарилган йил, модели) ва бошқалар тўғрисидаги маълумотлар мажбурий равишда эълон қилиниши шарт.

Бунинг учун “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунда декларацияни солиқ органларининг барча ходимлари тўлдириши талабини қўйиш ва талабни бузганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи тузатишлар ишлаб чиқилади.

Халқимиз орасида солиқ соҳасида ишлайдиган ходимлар тўғрисида илиқ фикрлардан кўра, салбий фикрлар кўп тилга олинади. Тўғри, соҳада кўплаб фидойи, жонкуяр, ўз соҳасини усталари фаолият юритади. Лекин гуруч курмаксиз бўлмагани каби тизимда ишлайдиган айрим ходимлар ўз хулқ-атворлари билан ҳамкасблари юзини ерга қаратмоқда.

Бугунги кунда солиқ тизимида 10,3 минг ходим фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти ёшлардир. Навқирон авлодга иш бошлаган дастлабки кунларданоқ “ҳалоллик вакцинаси”ни беришимиз ва солиқ органларида хизмат кўрсатишнинг барча босқичларида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслигимиз керак. Ислоҳотларнинг давоми сифатида солиқ хизмати ходимларининг даромадлари тўғрисидаги декларация жорий этилса, бундай кўнгилсизликларга чек қўйилади ва соҳада ўз устида ишлайдиган, фидойи ходимлар сафи кенгаяди.

 

Мақсуд Нуруллаев,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш