Суронли йиллар ёди

 

Оғир кунларни бошидан ўтказиб, машаққатли синовларни енгиб ўтган, айни пайтда кексалик гаштини суриб, яқинлари, юртдошлари эъзозида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳурматини жойига қўйиш, улардан хабар олиб туриш биз ёшларнинг бурчимиздир. Ҳозирда вилоятимизда 15 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронторти меҳнат фахрийлари истиқомат қилмоқда. Уларнинг қўллари ҳамиша дуода бўлиб, кўрсатилаётган чексиз эътибор ва эъзоздан мамнун.

Юртимизнинг барча ҳудудларида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда уруш ортида фидойилик кўрсатган меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаев бошчилигида партия ходимлари байрам муносабати билан уруш машаққати ва йиллар суронини енгган воҳамиз қаҳрамонлари хонадонларида бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашдилар.

Карманалик Пирназар бобо Турдиев жорий йилда 101 ёшни қаршилади. Лекин шу ёшда ҳам ўғил ва набираларга, атрофдагиларга ўрнак бўлиб, кетмон кўтариб томарқада ишлайди.

– Ўзга юртларда кечган жангларни хотирласам, кўз олдимда аянчли манзаралар билан турли миллат вакилларидан иборат сафдошларим гавдаланади, – дейди отахон. – Улар билан ғалаба эришиш учун эт-тирноқ бўлиб курашганмиз. Мен уруш майдонларида оғир яраланган ва жангга кирган пайтларимда уйга деярли хат ёзмай қўйганман. Уйдагилар ҳам менга хат ёзмай қўйишди. Кейин билсам хонадонимизга мендан қора хат келган экан. Уруш ўз ниҳоясига етганч, бир азоблар билан поезд вагонларига осилиб уйга келсам ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади. Ўша куни уйимизда катта шодиёна бўлиб кетувди. Минг шукрки, Оллоҳим мени узоқ умр, фарзандлар эъзози, ватандошларимизнинг меҳри ва эътиборидек неъматлар билан сийлади.

Партия вакиллари Қизилтепа туманида умргузаронлик қилаётган Рашида ая Ишқулованинг хонадонига ҳам йўқлаб бордилар. Асли бошқиристонлик бўлган онахон уруш туфайли Ўзбекистонга келиб қолган. Туман марказий шифохонасида 45 йил ҳамшира бўлиб ишлаган Рашида ая жаннатмакон юртда яшаётганлигидан, тақдири ўзбеклар билан боғланганидан мамнун.

Уруш ва меҳнат фахрийлари билан ўтказилаётган бундай учрашувлардан олинаётган таассуротлар ҳар биримиз учун ибрат бўлиши, тинчлик-осойишталик нақадар буюк неъмат эканини яна бир бор англатиши шубҳасиз.

 

Хуршида Нарзиева,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш