Давлат дастурининг ижроси депутатлар эътиборида

Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” вилоят давлат дастурининг ижроси юзасидан вилоят Марказий банки ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилган ишлар партия гуруҳи йиғилишида кўриб чиқилди.

Мажлисда партия гуруҳи аъзолари ва Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят Кенгаши масъул ходимлари, вилоят Марказий банки бош бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Вилоят давлат дастурининг 14-бандининг ижроси юзасидан Марказий банк томонидан амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботдан маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 305,7 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Жумладан, “Микрокредитбанк” бўлимлари томонидан 82 нафар ёш тадбиркорга 2,5 млрд. сўм кредит берилган. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 468 нафар аёлга 7,4 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Ёшларни рағбатлантириш, уларнинг стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам вилоятда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ушбу мақсадлар учун 70 нафар йигит-қизларга 2,067 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилган. Натижада ёшларнинг тикувчилик, иссиқхона, паррандачилик ва бошқа йўналишларда тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига шароит яратилган.

Ҳисоботлар юзасидан билдирилган фикрларда бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, Ўзбекистон ХДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси Д.Ўринбоева имтиёзли кредит олиши учун ҳам МФЙга, ҳам секторга боришга тўғри келаётгани, бу муайян сансалорликларга сабаб бўлаётгани учун имтиёзли кредит олиш тартибини соддалаштириш лозимлигини билдирди. Вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Н.Ибрагимова ҳозирги кунда “Ишга марҳамат” мономаркази ва бошқа ўқув курсларида қайта касб-ҳунарга ўқитилган хотин-қизлар имтиёзли кредит олишда муаммоларга дуч келаётганини таъкидлади. Бу борада марказ билан тижорат банклари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилса, муаммоларга ўрин қолмаслигини маълум қилди.

Йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси фаолияти, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан ишлашда кузатилаётган айрим камчиликлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

Партия гуруҳи томонидан билдирилган таклифлар мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқиб назоратга олиниши белгиланди.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш