9 май — Хотира ва қадрлаш куни. Ушбу кунда фашизмга қарши курашларда қатнашган, Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган қаҳрамонларимиз ёдга олинади, кексалик гаштини суриб умргузаронлик қилаётган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олинади.
Одамга куч бағишлайдиган, уни руҳлантирадиган ва янада катта мақсадлар сари чорлайдиган энг катта восита эътибордир. Эътибор бор экан, киши қалбида янги орзу-умидлар, мақсадлар куртак ёза бошлайди. Одам юртида, оиласида, меҳнат жамоасида эътиборли бўлса, бу ўз-ўзидан кишига қувонч, бахт, хотиржамлик олиб келади.
Сана муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши масъул ходимлари партия сафида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фахрийларини йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олди.
Учрашувларда фахрийларимиз инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилиш лозимлиги ҳамда бугунги дориломон кунларни қадрига етиб, шукрона қилиш кераклиги ҳақида фикрлар билдиришди.