Давлатимиз раҳбарининг 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини ўтказиш, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалитиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчиларини ва ногиронларни моддий рағбатлантишга қаратилган Фармони қабул қилиниши ҳам уларга бўлган чексиз ҳурматнинг амалий исботидир.
Юртимизда ушбу байрам ҳар йили кўтаринки руҳда нишонланиб келинмоқда. Бу кун ватанимизни қаҳрамонларча ҳимоя қилган, унинг тинчлиги учун курашган уруш қатнашчилари хотирланади. Уруш қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиниб, давлатимиз раҳбарининг табриги ва бир марталик пул мукофотлари шахсан вилоят ҳокимлари томонидан топширилади ва бунда ҳам катта рамзий маъно мужассам.
Афсусланарли жиҳати, урушда иштирок этган отахонларимизнинг сони йил сайин камайиб бормоқда. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида 31614 нафар воҳадошимиз урушда иштирок этган бўлса, ҳозирги кунда улардан 27 нафари ҳаёт. Уларнинг кўпчилиги 100 ёшдан ошган. Нуроний отахонлар билан суҳбатлашар экансиз, урушнинг номи ўчсин дея, бу ёруғ, тинч замонга эришишнинг ўзи бўлмаганлигини, ёшлар тинчликнинг қадрига етишиши кераклигини бот-бот айтади.
Шуниси эътиборлики, юртимизда нафақат уруш қатнашчилари, балки, кўп йиллар фидокорона меҳнати билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшганларга ҳам алоҳида ҳурмат, эътибор кўрсатилади. Хусусан, куни кеча бир гуруҳ фахрийларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Бу юрт шундай юрт қанча меҳнат қилсанг, шунча ҳурмат топасан. Меҳнати қадрланган юртда яшаш қанчалик инсонга ҳузур бағишлайди.
Бугунги тинч, осойишта кунларни асраб-авайлаш, қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиз, деб ўйлайман. Бу масъулиятни чуқур ҳис этишимиз, келажак авлодларга озод ва обод ватан қолдиришимиз лозим.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.