Тил билган – эл билар

 

Она тили ҳар бир миллатнинг руҳи, мулки, давлатнинг тимсолидир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу ҳалққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Миллатнинг юксалишини тилни асраш ва ривожлантиришсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Юртимизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, ўзбек тили давлатнинг қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас рамзига айланган. Шунингдек, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ва ҳар бир миллат ўз хоҳишига кўра чет тилларини ўрганади. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва олий таълим йўналишларида таҳсил олаётган кўплаб фарзандларимиз бугунги кунда 4-5 тилда бемалол сўзлаша олишади.

Маълумки, турли халқларнинг тилларига ҳурмат ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолати бўлиш билан бирга, шиддат билан ривожланаётган даврнинг, иқтисодиётнинг ўсишига ўз таъсирини кўрсатади. Юртимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бориш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларимизнинг кун сайин кенгайиши, ушбу масалага жиддийроқ эътибор қаратиш зарурлигидан далолат бермоқда. Шу мақсадда, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билиши шарт. Бунинг учун, жойларда чет тилларини ўрганишга етарли шароит яратиш ва уни оммалаштириш барча даражадаги раҳбарларнинг асосий вазифаси эканлиги, замоннинг ўзи шу талабни қўяётганлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир идорада ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўрганиш куни этиб белгиланади.

Тилларни ўргатиш учун нодавлат таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ўқув марказлари ижара тўлови харажатларининг 50 фоизгача қисмига субсидия ажратилади ҳамда давлат мулки объектларида фаолият юритувчи ташкилотлар ижара тўловидан озод этилади. Шу билан бирга, қишлоқ жойларида тилларга ўргатиш нодавлат ўқув марказлари ташкил эитш учун бўш бино ажратиш, керакли жиҳозлар ва адабиётлар сотиб олишга 50 миллион сўмгача беғараз кўмак ажратиш йўлга қўйилади.

Албатта, бу борада рағбатлантириш чора-тадбирлари ва муайян талаблар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, чет тилларини чуқур эгаллаган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгилаш тартиби жорий этилса, келгуси йилдан бошлаб давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билишнинг мажбурий талаби киритилади.

Ҳар бир миллат ўз тилини сақлаб қолиши керак. Чунки айнан тил уни ўзига хос қилади ва бошқа мамлакатлардан ажратиб туради. Бироқ кўп тилни ўрганишимиз ва билишимиз билан биз янги билимларга эга бўламиз. Гёте шундай деган: “Инсон нечта тил билса, у шунча марта одамдир”.

Болаликда олинган билим бамисоли тошга ўйилган нақшдир. Бугун мактаб остонасини илк бор ҳатлаётган ҳар бир ўғил-қиз чет тилларининг мафтункор оламига қадам қўймоқда. Бир неча тилларни пухта ўзлаштирган, етук салоҳиятли кадрлар эса миллат ва давлатнинг ҳақиқий таянчига айланади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш