Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз умуман қўллаб-қувватлаш зарур бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.
Ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича мутлақо янги — “Темир дафтар”, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳаётга татбиқ этилди.
Аммо, айтиш керакки ушбу масала юзасидан ҳуқуқий асослар етарли даражада йўқ эди. Бир қатор ҳолатлар бўйича саволларга эса жавобларда мавҳумлик бор эди. Шу маънода ҳамда бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида 2021 йил 28 апрельда Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, “Темир дафтар”нинг юритилишига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Аёллар дафтари” юритилиши бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда “Ёшлар дафтари” юритилишига Ёшлар ишлари агентлиги масъул ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, қарор билан ҳар бир дафтарни юритиш учун алоҳида вақтинчалик тартиблар тасдиқланди.
Унда мазкур 3 та дафтарга қандай фуқаролар ва оилалар киритилиши, уларга қандай тартибда ва қанақа кўмак берилиши ҳамда хизматлар кўрсатилиши бўйича йўналишлар, дафтардан чиқариш каби тартиблар аниқ қилиб белгиланган. Шунингдек, дафтарларга киритиладиган ҳар бир эҳтиёжманд оила ва фуқаролар Қарор иловасида кўрсатилган сўровнома асосида ўрганилади.
Энди ҳаммаси аниқ. Бу ҳолат секторларга, маҳаллаларга ва бошқа масъулларга бу борадаги ноаниқликларга ечим бўлган бўлса, фуқаролар ўртасида юзага келаётган саволларга жавоб бор.
Хусусан, мавжуд 3 та дафтарга киритилган фуқароларга қуйидаги асосий йўналишлар бўйича алоҳида эътибор қаратилади:
“Темир дафтар”га киритилган фуқаролар бўйича - бандликни таъминлаш, томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш, тадбиркорликка жалб қилиш, моддий ёрдам ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш.
“Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар бўйича - бандликни таъминлаш, томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш, тадбиркорликка жалб қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш, турар жой ижараси учун компенсация тўлаш, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш.
“Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар бўйича - касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, хорижда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида йиллик ўқиш харажатларини тўлаб бериш, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш.
Яна бир жиҳат, ҳар ойда ҳокимлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳисобот бериб борадилар ва улар фаолиятига баҳо берилади. Шунингдек, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан маҳаллабай “йўл хариталари” тасдиқланади.
Соҳада амалга оширилаётган ишлардан асосий мақсад, фуқароларни камбағалликдан чиқариш ва уларнинг фаровонлигини ошириш ҳисобланади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.