Мамлакатимиз Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши фахрийлар, нуронийлар ҳамиша ардоғимизда эканини исботлайди.
Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон Иккинчи жаҳон урушида буюк ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшган. Яъни, мард ўғлонлари оловли жангларда душманга қарши курашиши билан бирга, бутун халқ фронт ортида туриб хизмат қилган. Шу сабабли 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаш мамлакатимиздаги ҳар бир оила учун ўта муҳимдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғида ўтказилган тантанали тадбирда нутқ сўзлар экан, ўзбек халқининг Буюк Ғалабадаги улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтди. Пойтахтимиздаги Шон-шараф музейи экспонатлари тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган янги экспозиция билан бойитилиши эса аждодлар руҳига ҳурмат ва эҳтиромни яна бир бор исботлади.
Таъкидлаш жоизки, иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга кетган, улардан 420 минги қайтиб келмаган, 640 минг нафари яраланган. Мардлик ва жасоратлик кўрсатгани туфайли 120 минг ўзбекистонлик орден ва медаллар билан тақдирланган. Уларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга хавфли ҳудудлардан жами 1 миллиондан ортиқ киши, шу жумладан, 200 минг нафар бола келтирилган. Халқимиз уларни меҳмондўстлик, болажонлик билан қабул қилиб, ўз уйидан жой берган. Оқ ювиб, оқ тараб, бир бурда нонини бирга баҳам кўрган.
9 май - “Хотира ва қадрлаш куни”да одатга кўра 1941-1945 йилларда уруш ва меҳнат фронтида тинчлик учун курашиб ҳалок бўлган жасур ва матонатли ўғлонлар хотираси яна бир бор ёд этилди. Жасорат кўрсатиб, Ватанимизга омон қайтган нуронийларимизнинг ҳолидан хабар олинди, дилдан суҳбатлар қурилди.
Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғида. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш аслида ҳар биримизнинг бурчимиздир. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган фахрийларимиз, шунингдек, кекса ёшли фуқароларга ҳукуматимиз томонидан доимий равишда ижтимоий кўмак, руҳий мадад кўрсатиб келинаётган юксак инсонпарварлик намунасидир.
Озодлик, бугунги тинч-осойишта ҳаёт учун курашиб, ўз жонини фидо қилган ватандошларимизнинг руҳи ҳамиша шод бўлсин!
Шерзод Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.