Инсон хотира билан тирик

 

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Афсуски, иккинчи жаҳон урушида қатнаган кишилар тобора камайиб бормокда. Уларни қанча қадрласак, ҳурмат бажо келтирсак, эъзозласак шунча кам. Давлатимиз раҳбари 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғида ташкил этилган тантанали маросимда иштирок этиб, Ватан озодлиги, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримиз, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирилганликлари фахрийларимизга бўлган чексиз ҳурматнинг амалий ифодасидир.

Юртбошимизнинг “Орадан яна қанча йиллар, асрлар ўтмасин, сизларнинг фашизмга қарши кўрсатган матонатингизни халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади” деган фикрлари замирида Ватанимиз тинчлиги, юртимиз фаровонлиги йўлида курашган ота-бобларимиз босиб ўтган оғир йўллар кўз олдимизда гавдаланади. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати бекиёсдир. Ана шу воқеалар, кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчиларининг, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали хамон ўчгани йўқ.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган, мислсиз йўқотиш ва талафотларга олиб келган энг даҳшатли қирғин бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Олти йил давом этган қонли урушда ўша пайтда дунёдаги мавжуд 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этгани ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди.

Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган уруш ҳаракатларига 110 миллион киши сафарбар этилгани ва бу қирғинда жами 70 миллион киши ҳалок бўлгани ҳар қандай одамни ларзага солади.

Маълумки, 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этган. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланган. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлган.

Шу ўринда юртбошимиз, “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ғоя элимизнинг ҳаётий эътиқодига айланганини ёдга олиб, халқимиз туну-кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб бергани, бомба ва снарядлар тинимсиз портлаб турган ҳудудлардан 170 га яқин завод ва фабрикалар Ўзбекистонга эвакуация қилингани ва қисқа муддатда қайта ишга туширилгани ҳақида айтиб ўтди.

Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар Республикамизга кўчириб келтирилган бўлиб, уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган етим болалар эди. Меҳмондўст, сахий халқимиз уларни фарзандликка олиб, бир бурда нонини бирга баҳам кўрган.

Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Ўтган йили Президентимизнинг қарори билан Ғалаба боғи ташкил этилганлиги, бугунги кунда ёдгорлик мажмуасини ҳарбий тарихимиз, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари жасоратини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш ҳаракати бошлангани алоҳида эътирофга лойиқ. Бу ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларнинг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлади, албатта.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни, Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш