Ғазалкентда даволанса бўлади...

 

Чорвоқ, Бурчмулла, Хумсон...

Шу номдаги санаторийлар ҳақида эшитмаганлар камдан-кам топилса керак. Бу санаторийлар Тошкент вилоятидаги туманлардан бири Бўстонлиқда жойлашган. Айни ҳозирги вақтларда, яъни баҳор ойларида турли ўт-ўланлар, лола, чучмома, бойчечак атрофни гиламдек қоплаб, ажиб бир манзара ҳосил бўладиган бу масканларга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Камина Бўстонлиқ туманидан сайланган депутат сифатида ушбу ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришларни доимо кузатиб бораман, қолаверса, сайловчиларимизнинг бу ўзгаришларга нисбатан муносабатини ўрганишга ҳаракат қиламан.

Яқинда ижтимоий тармоқдаги Hook.report сайтида тарқатилган “Ғазалкентда қандай қилиб даволаниш мумкин?” сарлавҳали мақола ҳам каминани бефарқ қолдирмади. Аввало, айтиш жоиз, мақолада кўтарилган масала, эътирозларнинг айримлари ўринли, айримлари эса баҳсталаб.

Мақола аввалида жуда яхши мавзу кўтарилган, яъни қишлоқларда, чекка-чекка ҳудудларда жойлашган тиббий муассасаларга мутахассислар нега ишлашни истамаётганлигига оид саволлар билан мурожаат қилинади. Бундан бир ярим ой муқаддам, жорий йилнинг 1 апрелида Президентимиз раислигида мамлакатда соғлиқни сақлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам ушбу масала чуқур таҳлил қилинганди.

Давлат раҳбари томонидан орадан 4 ой вақт ўтган бўлсада на вилоят, туман ва шаҳар ҳокими, на соғлиқни сақлаш бошлиқлари бирорта талабгор билан шартнома имзоламаганини танқид остига олинганди.

Маълумот тариқасида айтиб ўтсам, “Қишлоқ шифокори” дастури асосида чекка ҳудудларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул маблағи ажратилиши белгиланиб, бунинг учун жорий йил бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган.

Хуллас, мақолада муаллиф Ғазалкентдаги тиббиёт муассасаларига оид айрим мулоҳазалари билан ўртоқлашган. Албатта, барчамиз учун оғриқли масала ҳисобланмиш кадрлар етишмаслиги масаласига кўз юмиш давлат сиёсатига нисбатан хиёнат қилишдек гап.

Аммо шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нима учун муаллиф мақола аввалида ўртага ташлаган масала юзасидан тўғридан-тўғри масъуллар билан суҳбатлашмаган, вазиятга ойдинлик киритмаган? Эҳтимол, Ғазалкентда ҳам малакали кадрларларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар қайсидир поғонага чиққандир? Ахир, бу масалани ҳал этмасдан, қўл қовуштириб ўтиришмагандир...

Кези келганда таъкидлаш лозим, Бўстонлиқ туманида мақолада келтирилган марказий касалхонадан ташқари 2019 йил давлат инвестиция дастури ва Тошкент вилоятига қўшимча ажратилган маблағлар асосида туман тиббиёт бирлашмаси тасаруффидаги 23 та даволаш профилактика муассасалари бинолари тўлақонли ишлаб турибди. Мазкур объектларга жами 22 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилган.

Жумладан, “Бурчмулла” маҳалласидаги тиббиёт бирлашмаси тасаруффидаги 120 қатновли қишлоқ оилавий поликлиникаси биносида реконструкция ишлари учун 2 миллиард 900 миллион сўм ажратилиб, замонавий кўринишга келтирилди. “Думалоқ” маҳалласидаги 12-сонли (150 қатновли) қишлоқ оилавий поликлиника биноси 1 миллиард 900 миллион сўм давлат маблағи ҳисобидан таъмирланди. Бу сингари ишларни “Қўшқўрғон”, “Пском”, “Дўстлик”, “Намуна” ва бошқа маҳаллалардаги қишлоқ врачлик пунктларида ҳам кўриш мумкин.

Бевосита “Қишлоқ шифокори” дастурига келсак, бу амалиёт мамлакатимизда ҳозирча янги. Унинг такомиллаштирилиши керак бўлган жиҳатлари ҳам бор. Буни ҳукумат ҳам, вазирлик ҳам, қолаверса, парламент ҳам тўғри тушунади. Мисол учун, парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси таклифи билан мазкур дастурда қатнашувчиларга талаб сифатида белгиланган ёшга ва стажга доир чекловни бекор қилиш кўзда тутилган. Унга кўра, қачон битирганидан қатъий назар, дастурда барча мутахассис иштирок этиши мумкин бўлади.

Энди мақолада келтирилган бошқа масалага тўхталсак. Ғазалкентдаги собиқ сил касалликлари шифохонаси ўрни бўш ётганининг асосий сабаби санитар-гигиеник ва эпидемиологик талаблар билан боғлиқ, деб биламан. Чунки сил касалликлари ўчоғи жойлашган муассасанинг ўрнини тадбиркорларга бериш ёки бошқа мақсадда ишлатиш учун қатор тадбирларни амалга ошириш зарур.

Мақолада қайд этилган яна бир масала — кўп тармоқли марказий поликлиниканинг шаҳардан четроқда эканлиги билан боғлиқ. Ҳақиқатдан ҳам, бу, аҳолига ноқулайлик туғдиради. Шу ўринда таклифим бор: бир вақтлар МИБга ажратилган бинога марказий поликлиникани жойлаштириш мумкин. Шунда аҳоли учун ҳам, ходимларга ҳам қулай бўлар эди, назаримда.

Хулоса ўрнида айтиш лозим, қўлга киритаётган ютуқларимиз ҳам, йўл қўяётган камчиликларимиз ҳам ўзимизники. Ҳеч ким биз учун муаммоларимизни ҳал этиб бермайди. Баҳамжиҳат, бамаслаҳат ҳудудларимиздаги муаммоларни бирма-бир аниқлаб, масъулларни белгилаб олиб, қайси бирини қайси муддатда амалга ошириш ҳақида мутахассислар ҳамда кенг жамоатчилик фикри, таклифлари ўрганиб кўрилса, ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Яна бир гап: “Ғазалкентда даволанса бўладими?” дея савол қўйган мақола муаллифлари ва бошқаларга айтадиганим: Ғазалкентда даволанса бўлади. Агар акси бўлса, депутатлик сўровини жўнатишга тайёрмиз.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш