ХДП мактабларда FACE ID тизими жорий этилишини қўллаб-қувватлайди

 

Мактаб – таълим ва тарбия ўчоғи! Бола асосий вақтини мактабда ўтказади. Лекин бу фарзандлар тарбиясида ота-онанинг роли ва масъулиятини камайтирмаслиги керак. Айниқса, ўсмир ёшдаги ўқувчилар ҳам мактаб, ҳам ота-она томонидан назоратга олинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу ўринда айтиш керакки, назорат қилиш мактаб ўқувчиларининг ҳеч қандай эркинликларини чекламайди. Аксинча, уларни тўғри йўлга солиш, бўш вақтларидан унумли фойдаланиш, қобилиятларини тўғри йўналтириш билан бирга, ёт ғоялар таъсири остига тушиб қолмасликлари, ҳуқуқбузарликлар, жиноят оламига кириб қолмасликларининг олдини олади.

Мактабларда жорий этиш назарда тутилаётган face id тизими педагоглар ва ота-она ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, синф хоналарига овозли камераларнинг ўрнатилиши ҳам иккала томон учун масъулиятни оширади.

Биринчидан, ўқитувчи дарс вақтида болаларга таълим бераётилганини таҳлил қилиш имкони пайдо бўлса, иккинчидан, ўқувчиларнинг дарсга тайёргарлиги, ўзлаштириши, олаётган баҳолари юзасидан тортишувларга ўрин қолмайди.

Ҳар куни мактабга келиб, сифатли таълим олаётган ёш авлод эса билим олишга янада кўпроқ қизиқади. Меҳнат, расм дарслари ва турли тўгараклар орқали яратувчанлик қобилиятларини янада кенгайтиришга эришади.

← Рўйхатга қайтиш