Дунёдаги ватандошлар билан ҳамжиҳат бўлишимиз зарур

 

Ўзгариш ва ислоҳотлар жараёнида чуқур билим ва тажрибага эга бўлган, ўз соҳасида обрў-эътибор қозонган ҳамда ҳар томонлама илғор фикрлайдиган салоҳиятли мутахассислар кўмагига эҳтиёж сезилмоқда.

Шу боисдан, хорижий мамлакатларда яшаётган ватандошларимизни, уларнинг имкониятларини юртимиздаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга жалб этиш учун муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш имкониятига эга бўлган ватандошларимиз рўйхати шакллантирилаётган «Олтин дафтар» ҳам ушбу мақсадда жорий этилмоқда, деб ўйлаймиз.

Бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Россия, Жанубий Корея, БАА ва Туркия каби давлатларда яшаб фаолият юритаётган 500 нафарга яқин ватандошимиз «Олтин дафтар»га киритилди ва  бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Ушбу ташаббус илгари сурилганда таъкидланганидек, потенциал сармоядорлар, нуфузли хорижий университетларнинг профессорлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари мазкур дафтарга киритилмоқда. Мақсад уларнинг салоҳиятидан фақатгина инвестиция олиб киришда фойдаланиш эмас, балки тажриба алмашишни ҳам йўлга қўйишдир.

Мазкур ташаббус хориж тажрибаси асосида таклиф этилган. Хусусан,  Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Италия, Ирландия ва бошқа кўплаб давлатлар тараққиётида хорижда шаклланган диаспораларнинг салоҳиятидан кенг фойдаланилган. Улар мамлакат тараққиётига нафақат сармоя жалб этиш билан, балки илғор тажриба ва кўникмаларни жорий этиш, етук салоҳиятли мутахассислар тайёрлашга ҳам катта ҳисса қўшганлар.

Шу нуқтаи назардан олганда, хорижий мамлакатларда яшаётган олимлар, йирик ишбилармонлар каби ватандошларимизга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашишга шароит яратиш фақат ва фақат юртимиз равнақига хизмат қилади.

← Рўйхатга қайтиш