“Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида Тошкент архитектура-қурилиш институтида 11 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Фирдавс Шарипов ҳамда Шерзод Раҳмонов институт талаба-ёшларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш мақсади билан изланиш, интилишда бўлиб кераклиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда депутатлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар бердилар. Хусусан фан, таълим ва маориф тизимига тааллуқли бир қатор стратегик йўналишлар, янгиланаётган жамиятимизнинг таълим сиёсати мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашни тақозо қилиши ва бир қатор муҳим жиҳатлари алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, жорий йил 6 май куни чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда кўтарилган долзарб масалалар ҳақида фикр алмашилди.
Сирожиддин Шоназаров