Муҳтожга уйни қаҳр билан эмас, меҳр билан бериш керак

 

Жорий йилнинг 10 май куни «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Коммуналкин» гуруҳида ҳамда телеграмдаги шу номдаги каналда болалар уйи тарбияланувчисига аянчли ҳолатдаги уй ажратилгани ҳақидаги хабар ва суратлар эълон қилинди. Суратларда тасвирланган квартира Олмазор тумани ҳокимияти томонидан “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси Алексей Куркинга берилгани маълум қилинган.

Ушбу ҳолат жамоатчиликнинг қизғин баҳс-мунозараларига ва ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Ҳақиқатан ҳам, ота-онасиз ўсган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқарога нисбатан адолатсизлик бўлган. Хабар муаллифи томонидан Олмазор туман ҳокимиятига қўйилган “Болалар уйи табрияланувчисига бунақа тураржой бериш уят эмасми? Ҳокимият ходимларининг ўзлари шунақа жойда яшармиди?”, деган саволни жуда ўринли ва бу саволга биз ҳам жавоб кутамиз.

Жорий йилги Давлат бюджетидан “Меҳрибонлик уйи” битирувчиларига уй-жой ажратиш бўйича маблағлар кўзда тутилган эди. Лекин ушбу ҳолат ва жойлардаги ўрганишлар бу борада муаммоли масалалар борлигини кўрсатмоқда.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар-жойлар билан таъминлаш тартиби белгилаб берилган. Олмазор тумани ҳокимияти мутасаддилари аянчли ҳолатдаги уйни ажратиш билан кўнгли ўксиганнинг дилини янада хуфтон қилганликларини тасаввур эта олармиканлар?.. Ёки бу ерда бошқа гап бормикан?..

Бу каби кўзбўямачиликлар билан асло муроса қилиб бўлмайди. “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларини ижтимоий ҳимоялаш, уй-жой билан таъминлашни яхшилаш Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун жуда муҳим масала. Мазкур ҳолатни ўз назоратимизга оламиз ва амалий ёрдам кўрсатамиз.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Олмазор туман кенгаши

 
← Рўйхатга қайтиш