Партиядош ҳамширалар тақдирланди

 

Ўзбекистон ХДП Навоий шаҳар кенгаши ташаббуси вилоят перенатал марказида «Саломатлик – инсон ҳуқуқи, уни таъминлашда ҳамшираларнинг ўрни ва истиқболи» шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда ЎзХДП Навоий вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ж. Файзуллаев, Навоий шаҳар Кенгаши раиси У. Шомиров ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Э. Сафаровлар сўзга чиқиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ҳамшираларнинг ўрни ҳақида гапиришди. Шунингдек, улар коронавирусдан бутун жаҳон азият чекаётган бир даврда шифокор ва ҳамшираларга бўлган эҳтиром ва ҳурмат янада ошаётганлигини таъкидлашди.

Таъкидланганидек, тиббиёт соҳасини ҳамширалар фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жарроҳлик амалиётидан тортиб, бемор парвариши, шошилинч ва тез тиббий хизмат, уйма-уй юриб, оиладаги тиббий маданиятнинг ошишига беминнат ҳисса қўшиб келаётган ҳамшираларимизнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқдир.

– Касбимни жуда яхши кўраман, – дейди 1-акушерлик бўлими катта ҳамшираси Нилуфар Муқимова. – Яқинда марказимизда қувончли воқеа рўй берди. Уч эгизак чақалоқ дунёга келди. Юртимиз доим тинч бўлсин, чақалоқлар кўпроқ туғилаверсин.

Тадбир якунида партия аъзоси бўлган фидойи ҳамшираларга эсдалик совғалари топширилди.

Сана муносабати билан ташкил этилган тадбирлар Учқудуқ туманидаги 2-сонли соғлиқни сақлаш бўлими ва вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида ҳам бўлиб ўтди.

 

Хуршида Нарзиева,

 ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири

← Рўйхатга қайтиш