БЎСТОНДА АҲОЛИ БИЛАН ОЧИК МУЛОКОТ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят, шаҳар кенгашлари ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси шаҳар бўлими ҳамкорлигида Наманган шаҳридаги Бўстон маҳалласида “Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мулоқотни партия вилоят кенгашининг раиси, депутат Равшан Абдуллаев кириш сўзи билан очди:

– Президентимиз 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳолининг муаммоларига ечим топиш, уларни эртага эмас бугун яхши яшашаши учун шароит яратиб бериш юзасидан олдимизда катта вазифалар турганлигини, аҳоли муаммолари билан ишлашда мутлақо янги тизимга – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши зарурат экеанлигини таъкидлаганди, – деди у. – Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан давлат раҳбарининг давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар билан бевосита ишлаш тизимига амалда ўтилганини тасдиқловчи жараёнлар рўй берди. Халқимизга, жумладан, тадбиркорлик субъектларига янада ёрқин шароит ва имкониятлар яратишга қаратилган “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

2019 йил 17 январда эълон қилинган мазкур Фармонда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш вазифалари белгилаб берилган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП тизимида аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида жойларда учрашув – мулоқотлар ўтказиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича концепция ишлаб чиқилди. Бугун тадбирда шу ҳақида сўз юритамиз.

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари Илҳомжон Атабоев, Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Ҳасанов ва Наманган шаҳар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Нозимжон Жўраевлар очиқ мулоқот давомида бугунги ислоҳотлар, аҳоли манфаатларини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтишди.

Шундан сўнг савол жавоблар бўлиб ўтди. Фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудуддаги муаммолар бўйича мулоҳаза, таклиф ва фикрларини баён этишди.

Учинчи гуруҳ ногирони, ёш истеъдодли рассом Мухаммаджон Жалилов ўзининг эркин ижодий фаолият юритиши учун хона ажратилишини сўраб қилган мурожаати мулоқот жойининг ўзида ҳал этилди. Унга ЎзХДП вилоят кенгаши биносидан алоҳида ижодхона ажратилди.

Мулоқот давомида 4 нафар фуқарога партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Шундан сўнг тадбир ташкилотчилари томонидан маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган 1-гуруҳ ногирони Салохиддин Тиллаев ва 3 гуруҳ ногирони М.Жалиловларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Олимжон ХАСАНОВ,

Наманган шаҳар Бўстон МФЙ раиси, партия фаоли.

← Рўйхатга қайтиш