БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ – АСОСИЙ ТАЯНЧ!

Ўзбекистон ХДП Ромитан туман кенгаши Бухоро вилоятидаги партия тузилмалари ичида пешқадам ташкилотлардан саналади. Бунда унинг таркибига бирлашган 42 та бошланғич партия ташкилоти етакчилари ва 2116 нафар аъзолари фаоллиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, партиянинг асосий таянч бўғини ҳисобланган бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилаяпти. Жорий йилнинг 24-25 июль кунлари Ромитан туман Газли шаҳридаги “Газлимагистрал” бирлашмаси қошидаги бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан танишар эканмиз, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Мазкур бошланғич партия ташкилоти етакчиси Акрам Бозоровнинг айтишича, бу ерда бошланғич партия ташкилотимизга 37 нафар аъзо бирлашган. Уларнинг барчаси партия нуфузини янада кўтариш, юртдошларимизнинг партияга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ишларида фаол қатнашиб келяпти. Партиявий ишларни астойдил ҳамжиҳатликда амалга ошириб келишяпти. Бу эса корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилаётган тадбирларнинг таъсирчанлиги, фуқаролар диққатини кўпроқ жалб этишида ҳам ўз аксини топмоқда.

Хусусан, “Жиноятсиз келажак сари”, “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз”, “Меҳр улашинг”, “Аҳоли билан юзма-юз” деб номланган тадбирлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, партия дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари, қабул қилинаётган қонун, фармон ва фармойишлар, яқинлашиб келаётган депутатлик сайловлари, сайлов маданиятига бағишлаб ўқув семинарлар ташкил этилди. Ўтказилаётган ҳар бир тадбирда партиямизнинг ғоя ва мақсадларини тарғиб этишга асосий эътибор қаратилмоқда. Натижасини бошланғич партия ташкилоти аъзолари сони шу йилнинг ўзида 110 нафарга кўпайганида ҳам яққол кўриш мумкин.

Албатта, партия тизимида ташкилотларнинг ҳамжиҳатликда ишлаши сиёсий куч сафларининг жипслашуви, аҳолининг ишончи ортиши ҳамда электорат манфаатларини рўёбга чиқариш имконлари кенгайишига хизмат қилиб келмоқда.

 

Дилноза ШАРИПОВА,

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши БПТлар билан ишлаш сектори мудири.

← Рўйхатга қайтиш