«МЕНИНГ БИРИНЧИ САЙЛОВИМ»

ЎзХДП ташаббуси билан жойларда шу мавзуда тадбирлар ташкил этиляпти

Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи қонунларимизда кафолатланган. Фақатгина унинг ҳаётда қанчалик ўз ифодасини топаётгани муҳим аҳамиятга эга. Фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий онги юқори бўлса, мамлакатда сиёсий жараёнлар изчил давом этади. Бу эса демократик ислоҳотлар самарасини белгилайди.

Жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган сайловларда мамлакатимиз бўйича икки миллиондан ортиқ ёшлар биринчи маротаба овоз беришини инобатга олиб айтадиган бўлсак, ёшларни сайловга оид қонунчилик асослари билан таништириш, юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ҳақида маълумот бериш бугунги долзарб вазифалардан биридир.

Наманган Давлат университетида “Менинг биринчи сайловим” лойиҳаси асосида ўтказилган давра суҳбатида шу алоҳида таъкидланди.

Мазкур учрашувларда ёшлар бугунги депутат ким, унинг ваколатлари нималардан иборат, деган саволларга жавоб олишмоқда, – дейди вилоят партия кенгаши раиси Абдурашид Йўлдошев. – Бундай тадбирлар натижасида ёшларда сиёсий партияларга қизиқиш, депутат сифатида бу жараёнларда иштирок этиш иштиёқи пайдо бўлмоқда.

Айнан шундай мулоқотлар самараси ўлароқ кўпгина ёшлар сафимизга қўшилди. Демак тадбирларимиз самара бермоқда. Ўзаро мулоқотларнинг янада таъсирчан усулларини амалиётга жорий қилишимиз талаб этилади.

Аҳолисининг 40% ни ёшлар ташкил этаётган наманганликлар ҳам сайловга астойдил киришмоқда, - деди университет проректори Алишер Исоқбоев. – Сайлов улар учун ҳам учун ўта масъулиятли, ҳал қилувчи давр ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир йигит-қиз бу жараёнда фаол иштирок этиши, ютуқлар салмоғини оширишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоғи зарур.

Мен ЎзХДПни бежизга танламадим, – деди университет ўқитувчиси Исмоил Мирзааҳмедов. – “Истеъмол саватчаси”нинг партия дастуриий мақсадлари қамровига олиниб, бу борада муҳим таклифлар билдирилаётгани ЎзХДПнинг халқпарварлигининг исботидир.

Тадбир давомида бир гуруҳ ёшлар ва ўқитувчилар партия аъзолигига қабул қилинди ва номдор стипендия соҳиблари тақдирланишди.


Мўътабар ҚОЗИЕВА,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши Хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири.



***

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши ташаббуси билан Ал Хоразмий номидаги ТАТУ Фарғона филиалида ташкил этилган тадбирда вилоят сайлов комиссияси ва партиянинг масъул ходимлари, профессор ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Ноанъанавий музокара ва мунозаралар асосида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда сиёсий ва ҳуқуқий тизим ислоҳ қилинаётгани ҳамда фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришни кафолатлайдиган миллий сайлов тизими яратилгани алоҳида таъкидланди. Сайлов кодексидаги асосий янгиликлар ҳақида сўз борди.

Бу йилги сайловларда биринчи марта ўз овози билан иштирок этаётган ёшлар учун тадбир қизиқарли ҳамда фойдали бўлди. Йигит-қизлар мамлакатимиз сайлов тизими, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақидаги суҳбатларни қизиқиш билан тинглашди. Тадбирни ташкил этишдан мақсад ёшларда дахлдорлик ҳиссини, фуқаролик позициясини кучайтиришдан иборатдир.

Ўзбекистон халқ демоктарик партияси Фарғона вилоят кенгаши раиси Д. Мамаджанова мамлакатимиз сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, сайлов ҳуқуқлари эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ёшларга тушунчалар берди.

Тадбирда, шунингдек, ЎзХДП Фарғона вилояти «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси С.Раҳмонов, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Д. Тошматовлар ҳам мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.


Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш