Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар адолатли ва инсонпарвар жамият асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан эътиборга молик, албатта. Халқимизга хос бўлган юксак бағрикенглик, кечиримлилик, ғамхўрлик кўрсатиш одамларимиз ҳаётини асл инсоний фазилатлар билан безамоқда. Бу билиб-билмай жиноятга қўл урган, адашган, лекин бугунги кунда қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқарган кишилар ҳам ушбу эътибордан четда қолмаяпти. Энг муҳими, бу давлатимизда ҳар қандай ҳолатда инсон манфаати ҳамма нарсадан устун эканлигининг ёрқин кўринишидир.
Куни кеча Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижанб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида давлатимиз раҳбари томонидан «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармон имзоланди. Бу қанчадан-қанча оилаларга қувонч, олам-олам шодлик улашди. Кўнгли кемтик ота-оналар, фарзандлар, яқинларнинг ҳаётда адашган, бунинг ортидан озодликдан маҳрум этилган жигарбанди бағрига қайтди. Қанча хонадонлар рўшнолик топадиган бўлди, қалби соғинчга, меҳрга тўла қанча одамларимизнинг таскин топди, оилаларга ҳаловат улашди.
Ҳужжатга кўра, Конституциямизнинг 93-моддасига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушайман бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 44 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Албатта, жазодан озод этилган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, жамиятга кўникма ҳосил қилиши муҳимдир. Шуни инобатга олиб, фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилгани яна бир инсонпарварлик хусусиятидир.
Бу жиноятга қўл урган, боши деворга теккан фуқароларнинг жамият ғамхўрлигини янада чуқурроқ ҳис қилиши, ўзини тиклаб олиши учун катта аҳамиятга эга. Яна бир жиҳати, нотўғри йўлга кирган инсонга имкон бериш, унинг барча қилмишидан кўз юмиб, яна бир бора қўллаб-қувватлаш хатосини тушуниб олиши, атрофга очиқ юз билан, яхшилик кўзи билан қарай бошлаши учун ҳам муҳим, деб ўйлайман.
Эътибор берганмисиз, ҳар йили бевосита Президент фармони билан ҳаёт йўлида адашган, турли нотўғри йўлларга кириб қолган қанчадан-қанча фуқароларимизнинг авф этилиши, жазодан озод этилиши, қадрдон оиласи бағрига қайтиши нафақат бир шахснинг, балки бутун бир оила ҳаётини яхши томонга ўзгартириш, айниқса, ўсиб келаётган норасида фарзандларнинг келгуси тақдирини ҳамда уларнинг келажагини салбий таъсир ва жиддий синовлардан ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Оддий тилда айтганда, бу бутун бир оилани янгидан ҳаётга қайтариш деганидир.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.