Халқимизда азалдан оила муқаддас ватан, муқаддас қўрғон саналган. Мана шу қўрғон мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Маҳалла-юрт тинч бўлса, давлатда осойишталик, тинчлик ва барқарорлик ҳукм суради.
Оиланинг соғлом ва мустаҳкамлигини ундаги муҳит, ота-онанинг тани сиҳатлиги, тотувлиги, бири-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, ўзаро ҳурмат-иззат ҳислари, фарзандлар комиллиги белгилаши айни ҳақиқат.
Фарзандни камолга етказиш оилавий тарбияни тўғри йўлга қўйишдан бошланади. Ўғил-қизларнинг қандай инсонлар бўлиб етишиши эса энг аввало оиладаги тарбияга боғлиқ. Чунки ёшлар ҳар томонлама етук бўлсагина соғлом ва мустаҳкам оилалар барпо этилади.
Фарзанд тарбияси ҳамма замонларда ҳам энг долзарб масала бўлиб келган. Дунёда биронта ота-она йўқки, зурриёдининг жамиятда ўз ўрнига, бирон мавқега эга бўлишини истамаган ва шу фарзанд орқали ғурурланиб юришни орзу қилмаган бўлса. Хўш, қачон ота-она фарзанди орқали ғурурланиб юради? Қачонки фарзанд оилада тўғри тарбия олиб, жамиятда ўз ўрни, оиласида эса ўз сўзига эга бўлса. Фарзанднинг қандай тарбия олиши эса у ўсиб-унган оила ва унга тарбия берган ота-онага бориб тақалади. Бу бир занжир кабидир.
Фарзанд тарбиясидек жуда нозик масалага биз ота-оналар жиддий эътибор қаратишимиз, авваламбор ўз юриш-туришимиз, гап-сўзимиз билан уларга шахсий намуна бўлмоғимиз лозим. Бола кўпроқ ота-онага тақлид қилади ва уларга ўхшашга ҳаракат қилади, ҳаттоки уларнинг юриш-туришини кузатиш орқали ор-номус, бурчга садоқат, ватанга, оилага муҳаббат тўғрисидаги тушунчаларга эга бўлади.
Оила бағрида, ота-онанинг ўзаро меҳр-муҳаббати, ғамxўрлиги муҳитида фарзанднинг дунёга келиши, унинг шаxс ва фуқаро сифатида камол топиши ҳақида узоқ гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳалоллик, эзгулик ва меҳрибонлик ҳақидаги тушунчалар, катталарга ҳурмат туйғуси, аввало, оилада пайдо бўлади, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида инсоннинг дунёқараши айнан шу муҳитда шаклланади.
Аслида фарзандга одоб ўргатиш, тарбия бериш бу ота-она учун мерос ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда айрим ота-оналар томонидан фарзандлар тарбиясига, улар билан суҳбат, мулоқот ва йиғилишларга жуда кам вақт ажратилади ёки умуман ажратилмайди.
Агар ота-она фарзандининг тарбиясига эътибор бермаса, турмуш машаққатларининг ўзи, атроф-муҳит, виртуал олам уни тарбиялайди. Минг афсуски, унда кеч бўлиши мумкин. Абдулла Авлоний айтганидек, “Агар фарзандга яхшилик ўргатилса, у вояга етади дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади”. Шунинг учун фарзандга оилада руҳий, ахлоқий, жисмоний, ақлий, ижтимоий тарбия бериш муҳим аҳамиятга эга.
Азиз ота-оналар фарзандларимиз тарбиясига эътиборли, ўзларига меҳрли бўлайлик, шунда улар ҳам ота-онаси ва келгусида ўз оиласи ҳамда фарзандларига меҳрли, муҳаббатли бўладилар. Яхши оилада тарбия топган болаларнинг оиласи бахтли ва мустаҳкам бўлиши шубҳасиз.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.