Мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнлари одамларимизнинг онги, фикрлаши, дунёқарашини янгилаши ва кенгайтириши, тараққиёт, ижобий ўзгаришлар, янгиликлар яратишга ундаши лозим.
Бошқа давлатлардагидек биз ҳам мамлакатимиз, халқимиз обрўсини юксалтириш учун ҳаракат қилишимиз, ҳеч бўлмаганда, халқимизнинг обрўсини пастга урмасликка ҳаракат қилишимиз лозим. Аммо, баъзи ҳолларда биргина соҳа — аёлларга бўлаётган баъзи салбий муносабатлар — уларни хўрлаш, уруш, ор-номусини поймол қилиш, зўрлаш, ҳаётига чанг солиш ва бошқа салбий ҳолатларнинг учрашига киши бефарқ бўла олмайди. Ожиза қиз ва аёлга бўлган бундай муносабат энг мудҳиш тубанлик эмасми? Бундай пасткашларга нисбатан жазо чораларининг баъзида енгиллиги, баъзида турли йўллар билан уларнинг жазодан қутилиб қолишлари бундай муносабатларга сабаб бўлмаяптимикин?
Нега бу соҳада қонунлар ва ҳуқуқий асосларимиз етарли бўла туриб, биз жамиятимизда бундай ҳолатлар кўп учрашига имкон бермоқдамиз? Турли ёшдаги олти эркак томонидан ёш келинчакнинг хўрланишига, бошқа қатор ҳудудларда қизларимиз, аёлларимизнинг турли зўравонликларга учрашига нега йўл қўйяпмиз?
Биринчидан, орамизда бундайларга ўрин бўлмаслиги, уларга жазо қаттиқ, муқаррар бўлиши лозим.
Биз хотин-қизлар бундай ҳолатлар бўйича қаттиқ қонуний чораларни кўришни, соҳага оид қонун нормаларини қайта кўриб чиқиб уларнинг таъсир кучини қатъийлаштиришни, республикамизнинг турли ҳудудларида аёлларга нисбатан бўлган зўравонлик иштирокчиларининг суд жараёнлари ва уларга кўриладиган чора ёки ўқиладиган ҳукмни оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этиш тизимини йўлга қўйиш, соҳа бўйича мутасадди ташкилот ва муассасалар ўз фаолиятида туб бурилиш ясашлари шарт, деган фикрдамиз.
2 - ТАКЛИФ:
Андижон, Самарқанд, Хоразм ва бошқа вилоятларда хотин-қизларга нисбатан бўлаётган зўравонликлар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга мазкур округ-ҳудудлардан сайланган депутатлар жабр кўрганларнинг яқинлари билан учрашиб:
- Ҳолатни ўрганиши;
- Зўравонларга чора ва жазо кўриш жараёнларини назоратга олиши;
- ОАВларида ўз сайлов ҳудудида бўлган ҳолат бўйича муносабат билдириши, ўрганиш ва чора натижалари бўйича фикрларини оммага етказиши;
- Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш бўйича мониторингни кучайтириши лозим!
3 - ТАКЛИФ:
- Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман;
- Олий Мажлиснинг мутассадди қўмиталари;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутассадди қатор ташкилот-муассасалар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалаларини ўрганиб, ўз муносабати ва эришган натижалари тўғрисидаги маълумотларни халққа етказиши, ҳар бири ўз фаолиятида хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфатлари ҳимояси улар фаолиятида амалда устувор бўлишига эришиши лозим!
4 - ТАКЛИФ:
Аёллар шаъни ва ор-номусини топташ, уни суиқасдгача олиб бориш – бу ҳалокат! Бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида қонуний жазо ва чораларни истисносиз қўллаш, ҳаракатларимизни тартиблаштириб бир тизимга келтириш, ҳуқуқ-тарғибот органларининг таъсири, қонун устуворлиги, уни қўллаш амалиётини кучайтириш зарур.
АЁЛГА МУНОСАБАТ ЖАМИЯТ СОҒЛОМЛИГИ ТАРОЗИСИ эканлигини унутмайлик!
Шарбат Абдуллаева,
ЎзХДП Марказий Кенгаши Фахрийлар кенгаши раиси