Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)”даги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди. Чунки, аллақачон қабул қилиниши керак бўлган мазкур ҳужжат партиямизнинг сайловолди дастуридан жой олган бўлиб, асосийси, айнан бизнинг партиямиз электорати бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Таъкидланганидек, конвенциянинг ратификация қилиниши билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглиги, ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаш, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатлари таъминланади.
Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилинишига етарлича асослар мавжуд. Жумладан, мамлакатимиз конвенцияни 2009 йил 27 февралда имзолаган ва келгусида ратификация қилиш ишончи билидирилган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270 сонли Фармонига мувофиқ конвенцияни ратификация қилиш шартлари ва оқибатларини таҳлил қилиш ва 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012 сонли Фармонига кўра, ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро шартномаларга қўшилиши бўйича таклиф ишлаб чиқиш ҳамда Президентимизнинг жорий йилнинг 22 февралида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясидаги нутқида конвенцияни ратификация қилиш кутилаётганлиги маълум қилинган.
Маълумки, республикамизда 34 миллиондан ортиқ аҳоли бўлса, унинг 755 минг нафарини, яъни 2,1 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади (1-гуруҳ-70,7 минг, 2-гуруҳ-510 минг, 3-гуруҳ 62 минг). Шундан 432 минг нафари меҳнат қилиш лаёқатига эгадир.
Конвенциянинг ратификация қилиниши:
- ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари борасида қонунчилик базасини шакллантириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш, уларни протез-ортопедия қурилмалари ва бошқа ижтимоий ёрдам кўрсатиш;
- ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан аёллар, қизлар ва кексаларни камбағалликдан ҳимоя қилиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, молиявий ёрдам ва вақтинча потиранаж ҳаражатларини қоплаш тизимини яратиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат турар-жой дастурларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия ва нафақа дастурлари билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш каби асосий мажбуриятларни юклайди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (40 дан ортиқ қонунлар ва 160 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари) амал қилмоқда.
Мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши натижасида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими халқаро норма старндартларига мувофиқлашади, ногиронлиги бўлган шахсларин ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш бўйича халқаро ташкилотларининг мақсадли ресурсларини (грантлар) жалб қилиш имконияти кенгаяди, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида мамлакатимизнинг имижи янада яхшиланади. Энг муҳими, 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган 62 минг нафар шахсга 2011 йил бекор қилинган пенсия тўланиши қайта тикланиши кутилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, конвенциянинг ратификация қилиниши электоратимиз орасида учраб турган айрим муаммоларнинг ўз ўзидан ечим топишига хизмат қилади.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.