Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг Сайловолди дастурида парламентдаги фракцияси орқали БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ратификация қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Фракциянинг бугунги йиғилиши муҳокамасидан жой олган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)”даги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қабул қилинса ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглиги, ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатлари белгиланади.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. Конвенция билан бир пайтда унга Факультатив протокол қабул қилинган. 2021 йил февраль ҳолатига кўра конвенцияга 182 давлат, шунингдек, 98 давлат унинг Факультатив протоколида иштирок этмоқда.
Конвенция дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Ушбу ҳужжат инсонларнинг турли-туманлиги ва қадр-қиммати принципларини ўзида мужассамлаштирган. Шунингдек, конвенциянинг асосий ғояси – ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликлардан камситишларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.
Қайд этиш керак, конвенцияни ратификация қилиш орқали, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларидан хабардор қилинади (ушбу қатламга мансуб шахслар ўз ҳуқуқларидан хабардор эмас), ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбурияти юкланади, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳаётда тўлиқ иштирок этишига қаршилик қиладиган тўсиқларнинг олиб ташланиши таъминланади. Бундан ташқари, конвенция ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича давлатларнинг мажбуриятини белгилайди ҳамда уларларнинг ҳуқуқларини миллий ва халқаро мониторингини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.
Шунинг билан бирга, ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ратификация қилиш Ўзбекистонга ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўювчи давлат органлари, хўжалик субъектлари ва хусусий корхоналарнинг ҳуқуқий жавобгарлигини кўриб чиқиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, уларнинг бошқа шахслар билан биргаликда сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишлари учун қўшимча чора-тадбирларни қўллаш, конвенция бажарилишини мониторинг қилиш бўйича Ўзбекистоннинг миллий механизмини аниқлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича илғор тажриба алмашиш имкониятларни беради.
Мамлакатимизнинг мазкур конвенцияни ратификация қилиши ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринларига квоталар жорий этишда минтақавий меҳнат бозори эҳтиёжлари ва имкониятларининг мутаносиб эмаслигини, ишчи кучи кўп бўлган минтақаларда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда маҳаллий миқёсда бюджетлаштиришни такомиллаштириш, ушбу қатламга мансуб шахсларнинг жамиятдаги ўрни ва ролига оид стереотипларни ўзгартиришдаги муаммоларни ҳал этишда самарали ечим бўлади. Бир сўз билан айтганда, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)”даги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари янада мустаҳкамланади.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.