Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш учун хизмат қилиши керак, деб ҳисоблайди. Бу мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва фуқаролар бирдамлигини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ушбу устуворликлардан келиб чиқиб, партия ўз депутатлари орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб боришни, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришни, ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришни кўзда тутади.
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи вилоят Бандлик бош бошқармаси ҳамкорликда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюртмасини бажариш устидан парламент ва депутатлик назоратини олиб бормоқда.
Ўрни келгандай қайд этиш керак, 2020 йилда Қашқадарё вилояти аҳолиси 3318,0 минг кишини, шундан меҳнатга лаёқатли иқтисодий фаол аҳоли 1364,5 минг нафарни ташкил қилган. Вилоят бўйича ўтган йилда 70.0 минг нафарга яқин ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасида хизматлар кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун 2020 йилда 627 та корхона ва ташкилотларда 2700 та иш жойи банд (квота) қилинган бўлиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2703 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.
Вилоятда камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бу борада қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда, энг аввало кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож камбағал оилалар аниқланиб, қишлоқ хўжалиги кооперативларга ўртача 50 нафардан фуқароларни бирлаштириб, ўртача 50 сотихгача ер майдони ва бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 2.2 млн сўмдан субсидия ажратиш амалиёти жорий этилди. Бундан ташқари, ўтган йил давомида иш берувчиларнинг буюртмаларига асосан, 4019 нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилиб, ўқув курсларини тамомлаган бўлса, улардан 2402 нафари иш берувчилар ихтиёрига юборилди.
Юқоридагилар билан бирга, “Меҳрибонлик уйи”ни битириб чиққан ёшларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда ишга жойлаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз амалий ишларни олиб бормоқдалар. Электорат манфаати йўлида меҳнат қилиш, партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқариш фаолиятимизнинг бош мақсади бўлиб қолаверади.
Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгаши
ахборот хизмати