Давлат хизматчилари ишни кўча усулида ҳал қиладиган бўлдими?!

 

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги «Уста Нормат» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромовни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

kun.uz эълон қилган хабарга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотни тасдиқлаган.

Маълум бўлишича, жаноб Раҳмонов маҳалла раисини унинг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган бошқа масала бажарилмагани бўйича кўча усулида «жазолаган». Ҳурматли ҳоким ўринбосари томонидан жорий йилнинг 9 май куни маҳалла раиси Алишер Икромов «Уста Нормат» маҳалласи Деҳқонобод кўчасида жойлашган, ота уйига чақиртирилиб, хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмаганлиги бўйича турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланади, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилади.

Шу ўринда Тоҳир Маликнинг ўша машҳур “Шайтанат” асари кўз олдимда гавдаланди. Асарда барча масалаларни қозихонада муҳокама қилиниб, шу ерда ҳал қилинган.

Сўнгги пайтларда давлат хизматчиларининг коррупция билан боғлиқ ишлари охири кўринмайдиган масалалар қаторидан ўрин олиб улгурди. Энди эса уларнинг кўча усулидаги ҳаракатлари ҳам авж олмоқда.

Бу ўз-ўзидан мамлакатимиз қонунчилиги, давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари ҳамда ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида қандайдир бўшлиқлар борлигини кўрсатади. Акс ҳолда, мансабдорларимиз, ўзларининг одоб-аҳлоқ қоидалари нормаларидан чиқмаган, шунингдек, миллий қонунчилигимизга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги принципларини яхши англаган бўлар эди.

Қайсики тизимда меъёрий ҳужжатлар моҳияти ўрганилмай, унга амал қилинмаса, шу тизимда қонун устуворлиги таъминланмайди, ижро интизоми суст бўлади, халқ манфаатлари иккиламчи тушунчага айланади.

Шу нуқтаи назардан, бу каби ҳолатлар инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалиб бораётган юртга муносиб эмас, биз буни кескин қоралаймиз ҳамда ҳоким ўринбосарининг ушбу ҳолатдаги фаолиятини 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори, шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сонли Фармони талабларига мутлақо зид деб ҳисоблаймиз.

Шу ўринда айтмоқчиманки, ушбу меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартиблар ҳаволаки, ёки амалда қўлланилмайдиган нормалар эмас. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Бугун кечирим сўраб қутулиб қоладиган давр эмас. Ўзбекистонда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун экан, барча қонун олдида тенг жавобгар эканини билиши ва ҳис қилиши шарт. Мавжуд вазият шуни талаб этади.

Шу боисдан мазкур вазиятда ҳукумат ва тегишли мутасадди ташкилотлар ҳуқуқий баҳо беришларини ҳамда давлат хизматчиларини ўз касбий фаолиятида одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилишга, қонунларни ҳурмат қилиб, уни сўзсиз ижро қилишга чақириб қоламиз.

Зухра Шадиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аьзоси

← Рўйхатга қайтиш