ОРОЛБЎЙИ ЭКОЛОГИК ИННОВАЦИЯЛАР ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР ҲУДУДИ МАҚОМИ ТАҚДИМ ЭТИЛГАН ИЛК МИНТАҚА БЎЛДИ

Ёшлигимизда Орол денгизи ҳақида кўп эшитганимиз, фильмлар томоша қилганмиз. Ўша пайтларда бир кун бориб Орол денгизини кўриб келаман, деган ҳавас ҳам бор эди. Афсуски, вақти келиб Орол денгизини кўриш насиб қилганида кўнглимизда: “Шундай денгиз наҳот йўқ бўлиб кетган бўлса?!” деган оғриқли савол пайдо бўлганди.

Оролнинг қуриши ҳақида турли фараз, тахминлар ўртага ташланади. Кўпчилик якдил фикрда бўлганидек, узоқ йиллар давомида сув ресурсларидан ноўрин фойдаланганлик, сув кўп талаб этадиган турли экинлар, шу жумладан, пахта ва шоли майдонларининг ҳаддан зиёд кенгайтирилгани экологик фожианинг асосий сабаби бўлди. Охир-оқибат, саҳро бағридаги марварид денгиз деярли йўқ бўлиб кетди. Натижада Марказий Осиё минтақаси учун хавфли офат ўчоғи вужудга келди. Бунинг оқибатида, нафақат ҳудуд экологияси ва иқтисодиёти, балки минтақада яшовчи миллионлаб одамларнинг соғлиги ва турмуш тарзига жиддий зарар етди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон чўлланиш ва ерларнинг таназулга учрашидан азият чекаётгани ҳаммага маълум. Денгиз ўрнида пайдо бўлган ва иккала давлат ҳудудини қамраб олган 5,5 миллион гектар майдонданиборат Оролқум чўли бу жараённи сезиларли даражада тезлаштирди. Оролни асраш, денгиз қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон узоқ вақтдан буён саъй-ҳаракат қилиб келаётган, муаммога жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратишга ҳаракат қилиб келганбўлса, бу борада сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ниҳоятда залворли бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Жумладан, 2020 йилнинг 23 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуришининг ҳалокатли оқибатларига эътибор қаратишни сўраб, бу борада янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширилаётганини таъкидлаб, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурган эди.

Куни кеча БМТ Бош Ассамблеясининг бўлиб ўтган 75-сессияси ялпи мажлисида мазкур резолюция бир овоздан қабул қилинди. Бу билан Оролбўйи БМТ Бош Ассамблеяситомонидан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди мақоми тақдим этилган илк минтақа бўлди. Мазкур ҳужжат туфайли минтақада экологик вазиятни яхшилашга хизмат қиладиган кўплаб истиқболли лойиҳаларга йўл очилади. Жумладан, юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқишга инвестициялар жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, экотуризмни ривожлантириш каби чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу эзгу мақсад ва вазифаларнинг барчаси, пировардида Оролбўйи минтақасида экологик вазиятнинг яхшиланишига, унинг глобал салбий таъсирларини юмшатишга хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА

Олий МажлисҚонунчилик палатасидепутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш