АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Биз Ўзбекистон тарихидаги янги даврда яшамоқдамиз. Бу давр –фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатнитакомиллаштириш даври сифатида тарихга киради. Юртимизда ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш стратегик мақсад сифатида эълон қилинган айни давр жамиятнинг барча қатламлари ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилишини тақозо этмоқда.

Бу жараёнда биз мамлакатимизда ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий, маърифий соҳаларда ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, фарзандларимиз камоли ҳамда ҳар бир фуқаронинг ҳаётий эҳтиёжлари таъминланган тараққий этган давлат барпо этилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Шу ўринда қайд этадиган бўлсак, аҳоли кайфиятига энг кўп таъсир кўрсатадиган, шунингдек унинг иқтисодий, ижтимоий ривожига ҳам узоқ таъсирга эга бўлган соҳа бутиббиётдир. Чунки, фуқаролар соғлиғини сақлаш бу сиёсий, иқтисодий, маданий, илмий, тиббий, санитар-гигиеник, эпидемиологик чора-тадбирлар жамланмасидир.

Қувонарлиси, охирги тўрт йил давомида соғлиқни сақлаш тизимига эътибор бутунлай ўзгарди. Хусусан, давлат раҳбари соҳани шахсан ўз назоратига олиши натижасида тиббиёт соҳасида мутлақо янги тизим яратилмоқда.

Куни кеча Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳада амалга оширилган ишлар ва ечимини кутаётган масалалар атрофлича муҳокама этилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси асосида соҳа босқичма-босқич такомиллаштириб келинмоқда. Жумладан, сўнгги бир йил мобайнида тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу йил соҳага бюджетдан 21 трлн сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп маблағ ажратилди. Тиббиёт соҳасида қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш бўйича ҳар бир хонадан ҳолати ва фуқаро саломатлиги ўрганилиб, аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича режалар тузилди.

Очиғини айтиш керак, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай тизимда ечимини кутаётган масалалар кўп. Йиғилишда Президент томонидан бу муаммоларга эътибор қаратилиб, уларни тизимли ҳал қилиш учун қуйидаги бешта асосий йўналиш белгилаб берилди:

Биринчиси – бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш.

Иккинчиси – ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш.

Учинчиси – рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

Тўртинчиси – тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.

Бешинчиси – тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.

Мазкур йўналишлар асосида тиббиёт соҳасини ривожлантириш аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, йиғилишда Президент таъкидлаганидек: “Соғлиқни сақлаш тизимига ҳар йили бир неча триллионлаб маблағ ажратилади, халқаро кредитлар жалб қилинади. Ушбу ажратилаётган маблағлар самарасини халқимиз сезиши керак”.

Бу эзгу мақсад йўлида тиббий соҳага тааллуқли барча ташкилот ва муассасалар, илмий марказлар, олий таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ўз имкониятларини бирлаштириб курашмоқлари лозим. Зеро, халқ саломатлиги мамлакатимизда энг олий қадрият сифатида эътироф этилади.

Мақсуда ВАРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш